Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокама этилди
13:34 / 2021-08-06

Жорий йилнинг 5 август куни “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузуридаги Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгашнинг 2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Boston Consulting Group” (BCG) халқаро консалтинг компанияси ҳамда Ўзсаноатқурилишбанкдан вакиллар иштирок этди.

2021 йил 30 апрель куни Президентимиз раислигида ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 9 июнда қабул қилинган “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда республика қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилди.

Унга кўра, бугунги кунда Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш юзасидан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Йиғилишда иштирокчилар дастлаб “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда “BCG” халқаро консалтинг компанияси вакиллари томонидан ўрганилган йирик корхоналардаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимини атрофлича муҳокама этишди.

Сўнгра 2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш сценарийлари ва дастлабки стратегия лойиҳаси билан яқиндан таништирилди.

– Стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишда қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратилди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси – Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси С.Аннакличев. – Хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришда туман ва шаҳарлар салоҳиятини ишга солиш, соҳадаги “драйвер” корхоналарни аниқлаш, корхоналарни глобал ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи давлатларга ҳамкорликда экспорт қилишни йўлга қўйиш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган хусусий ва хорижий инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, қўшимча қиймат занжирларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш таннархи ва харажатларини камайтириш, тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари қайд этилди.

Замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, бунда тренинг дастурларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Банк Ахборот хизмати