«Ўзбекистон-2030» стратегиясида ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Унда 2030 йилга қадар хорижий сайёҳлар сонини 15 миллионга, ички сайёҳлар сонини 25 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган сайёҳлар сонини 3 миллионга етказиш кўзда тутилмоқда.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Нурбек Ёқубовнинг маълум қилишича, мазкур стратегияга асосан хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига республикада меҳмонлар учун мўлжалланган ўринлар сонини камида 2 баробар ошириш, туризм маҳаллалари сонини 175 тага, туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга, тиббиёт ва таълим туризми экспортини йилига 1,5 миллиард долларга етказиш чоралари кўрилади.
– Албатта, «Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун ҳозирданоқ пухта замин яратиш зарур, – деди Н.Ёқубов. – Бунинг учун эса муассасамиз олимлари 2017-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижаларини таҳлил қилиб чиқди.
Хўш, бу йилларда соҳада қандай натижаларга эришилди, деган савол туғилиши табиийдир. Рақамларга эътибор қаратайлик: 2023 йилда Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар сони 6,6 миллион нафарга етган. Охирги олти йилда туристлар оқими қарийб 2,5 баробар кўпайган. 2017 йилда эса хорижлик сайёҳлар сони 2,6 миллион нафарни ташкил қилган.
Маълумотларга кўра, дунёдаги 91 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун визасиз тартибдан фойдаланиши мумкин. Таққосласак, Қозоғистонга 26 та, Туркияга 41 та, Грузияга эса 56 та мамлакат фуқаролари визасиз кела олади.
Туризм экспортининг ривожланиши мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиш манбаларидан бири ҳисобланади. 2023 йилда туризм хизматлари экспорти 2 миллиард 143 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 531 миллион доллар миқдорида эди. 2023 йилда сайёҳлар сонининг сезиларли даражада ошиши ҳисобига туризм хизматларининг экспорти 2017 йилдагига нисбатан қарийб 4,5 баробарга ортган.
Яна бир маълумот: Американинг «Travel Lemming» онлайн саёҳат қўлланмаси 2023 йилда Ўзбекистонни дунёнинг 50 та энг яхши сайёҳлик йўналиши рўйхатига киритди ва мамлакатимиз 9-ўринни эгаллади. Ушбу қўлланма ҳар йили дунё бўйлаб янги йўналишлар ва яширин дурдоналарни ёритади. Уни 6 миллиондан кўпроқ саёҳатчи ўқийди.
Хулоса шуки, ушбу қайд этилаётган натижалар соҳанинг салоҳияти катта эканлигидан далолат беради. Шу боис ҳукуматимиз томонидан соҳада инфратузилма объектларини янада кўпайтириш ва ички туризм имкониятларидан самарали фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА