Мамлакатимизда қора металлургия саноатини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси асосида амалга ошириладиган устувор йўналишлар белгиланди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Болибеков маълум қилди.
Юртимизда қора металлургия саноатини изчил ривожлантириш, аҳолининг ушбу соҳадаги маҳсулотларга бўлган ортиб бораётган талабини қондириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги фармони билан 2030 йилгача қора металлургия саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган.
Айни пайтда мазкур стратегия Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда соҳа учун муҳим бўлган бир қатор устувор йўналишлар қамраб олинган. Жумладан, хомашё базасини кенгайтириш, юқори қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, соҳадаги инвестицияларни кўпайтириш, бозор механизмларини жорий этиш, ESG стандартларини амалиётга татбиқ этиш, мутахассислар малакасини ошириш ва инновацион ечимларни кенг жорий этиш белгиланган.
Шунингдек, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, мавжуд конлар ва истиқболли майдонларда изланишларни кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш каби йўналишлар ҳам кўзда тутилган.
Хусусан, Чиғатой, Кенес, Мингбулоқ, Чуянкон ва Вахшивар каби темир маъданли майдонларда изланишларни якунлаш, Сюренота ва Тебинбулоқ конларини ўзлаштириш, ёпиқ циклли технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва “яшил пўлат” (Green Steel) концепциясини амалиётга татбиқ этиш режалаштирилган.
– 2025-2030 йиллар давомида қўшилган қийматга эга чоксиз ва катта диаметрли қувурлар, автомобиль саноати учун махсус пўлат листлар, прокат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилади. Соҳадаги муаммоларни тезкор ҳал этиш механизмлари яратилади. Аҳамиятлиси, Жаҳон пўлат ассоциацияси ҳамда етакчи хорижий металлургия корхоналари билан ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган. Албатта, бу устувор вазифалар ушбу тармоқ ривожида энг муҳим омиллар ҳисобланади, – деди М.Болибеков.
Брифингда қайд этилганидек, стратегия натижасида 2030 йилгача темир маъданлари қазиб олиш ҳажмини 7,2 миллион тоннага, қора металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқаришни эса 7,8 миллион тоннага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, соҳага оид 10 та йирик истиқболли лойиҳа амалга оширилиши, 1,7 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилиниши ва 5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА