Ёшлар масаласи, уларнинг таълим олиши, бандлиги ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ҳар қандай давлат тараққиётининг ҳал қилувчи омили ҳисобланади. Замонавий дунёда иқтисодий ўсиш, инновация ва ижтимоий барқарорлик, аввало инсон капиталига боғлиқ. Шу боис, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга оширилиб, ёшлар учун янги имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Куни кеча Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқоти мамлакатимиз тараққиётида, айниқса, ёшлар сиёсатида янги босқични бошлаб берди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ёшларга яратилаётган имкониятлар хусусида фикр билдирди:
—60 мингдан зиёд ёшлар иштирок этган ушбу мулоқот давлатимиз раҳбари томонидан инсон капиталига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бугунги кунда глобал рақобат шароитида иқтисодий ўсиш, инновацион тараққиёт ва ижтимоий барқарорликнинг асосий омили — билимли, ташаббускор ва банд ёшлар.
2030 йилга қадар меҳнат бозорига кириб келадиган ёшлар сони 1 миллион нафарга яқинлашади. Бу демографик ўсиш мамлакатимиз учун катта имкониятдир. Бироқ, ушбу имкониятни реал натижага айлантириш учун ҳар бир ёшни билимли, замонавий касб-ҳунарга эга ва барқарор даромад манбаига эга шахс сифатида шакллантириш зарур.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Келажак тадбиркори” дастури ёшларни иш изловчидан иш берувчига айлантиришга қаратилган муҳим тизимли қадамдир. Стартап ва инновацион лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратилиши, 10 миллиард сўмгача кредит имкониятларининг яратилиши, венчур қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий этилиши — бу ёшларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган аниқ механизмлар.
Шунингдек, “Менинг биринчи касбим” дастури доирасида битирувчилар учун стажировка тизимини йўлга қўйиш ва ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўлаш ташаббуси таълим билан меҳнат бозори ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлайди. Бу қарор ёш мутахассисларнинг илк меҳнат фаолиятидаги асосий муаммо — амалий тажриба етишмаслиги масаласини ҳал этишга қаратилган.
Олий таълим муассасалари олдида ҳам янги вазифалар турибди. Университетлар фақат билим берувчи муассаса эмас, балки инновация, тадбиркорлик ва янги иш ўринлари яратувчи марказга айланиши лозим. Замонавий ўқув-амалий марказлар ташкил этиш, дуал таълимни кенг жорий этиш, “spin-off” ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали олийгоҳлар ҳудудий иқтисодий ривожланиш драйверига айланади.
Шу билан бирга, ёшларнинг жисмоний тарбияси ва соғлом турмуш тарзи ҳам давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини кенгайтириш, талабалар лигалари ва университетлар ўртасида турнирларни ташкил этиш орқали соғлом, фаол ва мақсадли авлодни тарбиялаш мумкин.
Бугун Ўзбекистонда 22 миллиондан зиёд ёшлар бор. Бу — улкан интеллектуал ва меҳнат салоҳияти демакдир. Агар ҳар бир ёш муносиб иш ўрнига, касбга ва ўзини рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлса, ўсиб келаётган авлод миллий тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдеворига айланади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги сифатида биз ушбу вазифаларни тўлиқ ва сифатли амалга оширишни устувор мақсад деб биламиз. Ҳар бир олий таълим ташкилоти ёшлар учун билим, инновация ва тадбиркорлик хаби бўлиши, битирувчи эса иш изловчи эмас, балки қиймат яратувчи мутахассис сифатида ҳаётга қадам қўйиши шарт.
Кўксаройдаги мулоқот — ёшлар келажаги учун аниқ йўл харитаси. Унда белгиланган ташаббуслар эса молиявий манба ва стратегик мақсадлар билан таъминланган. Ишончимиз комилки, ушбу қарорлар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш орқали Янги Ўзбекистон тараққиётини янада жадаллаштиради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА