Ўзбекистон Республикаси Президенти “Креатив иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар 2030 йилга кадар креатив иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
а) креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга - 145 триллион сўмга етказиш;
б) креатив индустрия маҳсулотлари ва хизматлари экспортини 1 миллиард АҚШ долларидан ошириш;
в) соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида иш ўринларини 500 мингтага етказиш.
Қарор билан Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши таркиби ва унинг асосий вазифалари тасдиқланди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига тегишли Тошкент шаҳри Шайхонтохур тумани Форобий кўчасида жойлашган бино ва иншоотлар ҳамда ҳудуд негизида 2026-2027 йилларда биринчи босқичда қуйидагилардан иборат Креатив индустрия парки инфратузилмалари давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади:
а) сайр этиш, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш, арт-объект ва монументал санъат асарлари ҳудудларидан иборат яшил боғ;
б) рақамли дизайн ва дастурлаш йўналишида нуфузли халқаро мактаб;
в) бук-кафе, спорт ва воркаут майдончалари, меҳмонхона;
г) бадиий ижодкорлар павильони, креатив устахоналар, экологик офисхоналари ва коворкинг маркази;
д) кино ва видео маҳсулотларни ишлаб чиқариш зоналари ҳамда овоз ёзиш студиялари;
ж) Жамғарма билан келишилган ҳолда ижодкорлар ва креатив компаниялар учун замонавий экологик макон - Креатив индустриялар кампуси.
Бунда Креатив парк ҳудуди хавфсизлик, инклюзивлик ва экологик тозалик талабларига жавоб берган ҳолда 24/7 режимида фаолият юритадиган очиқ жамоат макони сифатида ташкил этилади.
Қарорга мувофиқ, Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича 2026-2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
ЎзА