Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилга бориб сувга бўлган талаб 7 миллиард куб метрни ташкил этади
00:08 / 2022-11-05

Маълумотларга қараганда, глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50-60 йил давомида Марказий Осиёда музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутиляпти. Аммо биргина Ўзбекистоннинг ўзида 2030 йилга бориб сувга бўлган талаб 7 миллиард куб метрни, 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич икки баробарга ортиши мумкин.

Мамлакатимизда аҳоли сонининг катта суратлар билан ўсиб бориши ҳамда сувдан фойдаланиш самарадорлиги пастлиги ҳисобига сўнгги 15 йилда аҳоли жон бошига сув таъминоти тахминан икки баробарга қисқарган. 2030 йилга бориб аҳолининг сифатли сувга бўлган талаби эса 18-20 фоизга ортиши кутиляпти. Шу боис, ушбу масала долзарб аҳамият касб этиб, сув захираларидан тежаб-тергаб фойдаланиш заруратини юзага келтирмоқда.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасидаги долзарб масалалар: муаммо ва ечим” мавзусидаги семинарда айтиб ўтилди.  

— 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш белгиланган, — деди қўмита раиси ўринбосари Дилором Имомова. — Бунда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш, сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш бўйича вазифалар белгиланган ва бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Мамлакатимизда 2020-2030 йилларда аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилинди. Унинг доирасида бугунги кунда сув ресурсларини прогнозлаштириш, ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш, сув омборлари ва сув хўжалиги объектларининг хавфсизлиги ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.  

Тадбирда ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасида ўз ечимини кутаётган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, сув захираларидан унумли фойдаланиш, соҳага инновацияни кенг жорий этишбўйича таклиф- тавсиялар илгари билдирилди.

 

 

М.Комилова, ЎзА