French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилга бориб мамлакатимизнинг электр энергияга бўлган талаби 117 миллиард киловатт-соатга етади
14:44 / 2019-12-11

Фармон ва ижро

Фармон ва ижро 

Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида“ги қонуни қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони асосида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат юртимизда атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қонунга бўлган ҳаётий эҳтиёжни таъминлашга қаратилган.

Шу кунга қадар мамлакатимизда атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қонун бўлмаган. Бироқ атом энергиясидан фойдаланишнинг айрим жиҳатлари Ўзбекистон Республикасининг “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида“ги ва “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида“ги қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Шунингдек, Ўзбекистон 1997 йилдан “Ишлатиб бўлинган ёқилғи ҳамда радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисида“ги Конвенция, 1992 йилдан “Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорликнинг асосий принциплари тўғрисида“ги Битим ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги бошқа халқаро ҳужжатлар иштирокчиси ҳисобланади.

Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган янги қонун юртимизда биринчи атом электр станциясининг қурилиши билан боғлиқдир. Амалдаги қонун ҳужжатларида соҳага оид асосий тушунчаларга тўлиқ изоҳ берилмагани ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳуқуқий нормаларнинг турли хил талқин қилинишига ва кўпчилик аҳоли тушунмовчилигига олиб келади. Масалан, мамлакатимизда 1959 йилдан буён Ядро физикаси институтида қуввати 10 МВт бўлган ВВР-СМ тадқиқот реакторидан фойдаланилади. Бу реакторда ҳосил бўладиган ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи шу ердаги сақлаш пунктида сақланади. Бошқа ишлаб чиқариш объектларида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар эса Бўстонлиқ туманидаги сақлаш пунктига жойлаштирилмоқда.

2019 йилнинг 6 ойи давомида 70 ГБк радиоактивликка эга бўлган 455 та манба сақлаш пунктига қўйилган. Бугунги кунда мамлакатимизда 800 га яқин корхона ва ташкилотда 7000 атрофида ионлаштирувчи нурланиш манбаси (рентген аппарати, калибровка ускуналари ва бошқалар) мавжуд. Шундан келиб чиқиб, бу соҳанинг муҳим стратегик аҳамиятга эгалигини ва юқори хавф манбалари билан боғлиқлигини ҳисобга олиб, атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг (АЭС, сақлаш пунктлари ва бошқалар) давлат эгалигида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилаб берадиган алоҳида тоифадаги корхона ва ташкилотлар тасарруфида бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.

Қабул қилинган қонун билан айнан шу масала ҳал этилиб, атом энергетикаси соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича ваколатли органи – Энергетика вазирлиги ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом“ агентлиги) ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари белгиланди.

– Яна бир эътиборли жиҳати, атом энергиясидан фойдаланишда фуқароларнинг манфаатларини инобатга олиш, шунингдек, ядровий ва радиацион хавфсизликни таъминлаш, бу соҳада маълумотларни ҳеч қандай тўсиқсиз, бепул олиш билан белгиланишидир, – деди “Ўзатом“ агентлиги бошқарма бошлиғи Шавкат Абдукомилов. – Дунёда аҳоли сони кўпайиб бориши, иқтисодиёт тармоқларининг жадал тараққиёти электр энергияга бўлган талабни кун сайин оширмоқда. Электр энергиясини ишлаб чиқаришда зарур табиий ресурслар захираси эса чекланган бўлиб, кун сайин камайиб бормоқда. Шу боис, истиқболли энергия манбалари, хусусан, атом энергетикасига эҳтиёж ҳам ортаяпти. Бугунги кунда юртимизнинг электр энергияга бўлган талаби 69 миллиард киловатт- соатни ташкил этади. Айни чоғда йилига 64 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқилади. 2030 йилга бориб эса мамлакатимизнинг электр энергияга бўлган талаби 117 миллиард киловатт-соатга етади. Демак, бу
гун атом энергетикасини ривожлантиришга қаратилган дастлабки қадамлар ҳаётий зарурат ва ушбу қонун эса бу борадаги нормаларни тартибга солишга хизмат қилиши билан ўта муҳим ҳисобланади.

Қонунда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги, хавфсизликнинг таъминланиши, ахборотнинг очиқлиги, ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг тақиқланиши атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий принциплари этиб белгилаб қўйилган.

– Ушбу қонунни қабул қилишда хорижий тажриба жуда катта манба бўлиб хизмат қилди, – деди Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Сардорбек Ёқуббеков. – Бунда Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Ҳиндистон, Исландия, Италия, Испания, Хитой, Канада, Жанубий Корея, Литва, Норвегия, Руминия, АҚШ, Словакия, Туркия, Франция, Финляндия, Чехия, Швеция, Швейцария каби давлатларда атом энергиясидан фойдаланишни ҳар томонлама тартибга солувчи махсус қонунлар мавжудлиги таҳлил қилинди. Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Россия Федерацияси (Нововоронеж АЭС-2), Япония (“Токай” АЭС) ва Венгриянинг ( “Пакш-1” АЭС) атом энергетикаси соҳасидаги илғор тажрибаси ва қонунчилик базасини жойига бориб ўрганди.

Айни чоғда қабул қилинган мазкур қонун ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, қонуннинг 12-моддасида Энергетика вазирлиги республикада атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи, 17-моддасида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси республикада ядровий ва радиациявий хавфсизликни тартибга солувчи давлат органи этиб белгилангани ҳам бунга яққол мисол.

Қонун 10 боб, 59 моддадан иборат бўлиб, атом энергиясидан фойдаланишнинг айрим жиҳатлари 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Қонун қабул қилинишидан олдин Атом энергияси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) томонидан икки маротаба кўриб чиқилиб, унинг тавсияларидаги ядро инфратузилмасини ривожлантиришнинг 19 элементини ҳисобга олган ҳолда давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.

– Мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш борасида амалга ошириладиган лойиҳаларда биринчи навбатда хавфсизлик масаласи энг устувор ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Экологик партияси бўлим бошлиғи Эркин Омонов. – Юртимизда анъанавий электр энергияси олиш манбалари ўрнига АЭСдан фойдаланишга ўтилса, йилига 14 миллион тоннагача CO2 ва 36 минг тоннагача NO2 газининг атмосферага чиқарилиши олди олинади. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Экологик партияси дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлиб, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, атом энергетикасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга хизмат қилади. Атроф-муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг салбий таъсиридан муҳофазалаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизимини шакллантириш ҳамда авария ҳолатларининг пайдо бўлиш хавфини минималлаштириш мақсадида атом энергиясидан фойдаланишда мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишга ҳуқуқий асос бўлади.