Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилда қишлоқ хўжалиги экин майдонлари 100 фоиз сув тежовчи технологиялар билан таъминланади
16:32 / 2026-01-24

Марказий Осиё давлатлари орасида аҳолиси энг кўп бўлган Ўзбекистонда барқарор тараққиётни таъминлаш, аҳоли фаровонлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш масалалари кўп жиҳатдан сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишга боғлиқ.

Иқлим ўзгариши, сув захираларининг чеклангани ва уларга бўлган эҳтиёжнинг йил сайин ортиб бориши ушбу йўналишда тизимли ёндашув ва аниқ мақсадларни белгилашни талаб этади.

Шу маънода,  мамлакат тараққиётининг муҳим дастурий ҳужжати саналган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда 4 та мақсад сув ресурслари йўналиши билан бевосита боғлиқ.

“Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистон - 2030” стратегияси лойиҳасининг “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” йўналиши бўйича ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. 

Унда стратегия лойиҳасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.

Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюновнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда мамлакатимизда суғориладиган экин майдонлари 4,3 миллион гектарни ташкил этади. Амалдаги стратегияда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар жорий этилган ерлар майдонини 2 миллион гектарга етказиш вазифаси белгиланган.

– Амалда эса 2025 йил якунига қадар 2,6 миллион гектар майдон, яъни суғориладиган ерларнинг қарийб 60 фоизи сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинди. Бу эса белгиланган вазифа ортиғи билан бажарилганини кўрсатади. Стратегиянинг янги лойиҳасида 2030 йилда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш мақсади қўйилмоқда. Жумладан, 2026 йилда 65 фоиз, 2027 йилда 75 фоиз, 2028 йилда 85 фоиз, 2029 йилда 95 фоиз ва 2030 йилга келиб 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Агар 2019 йилда республикада сув тежайдиган технологияларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарадиган атиги 3 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 60 тага етган, –деди Ш.Суюнов.

Шунингдек, тадбирда янги стратегия лойиҳасида мақсадлар ижросининг самарадорлик кўрсаткичлари йиллар кесимида аниқ белгилаб берилаётгани, молиявий манбалар ҳамда ушбу кўрсаткичларга эришиш учун масъул идоралар кўрсатилгани алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳаси бўйича бугунги кунга қадар жами 2204 та таклиф келиб тушган. Хусусан, республикада сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган 62-мақсад доирасида 21 та таклиф, шунингдек, 63-мақсад бўйича 7 та, 64-мақсад бўйича 4 та, 65-мақсад бўйича эса 8 та фикр келиб тушган.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА