Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилда Ўзбекистон урбанизация даражаси 60 фоизга етказилади
19:53 / 2022-06-15

Урбанизация – жамият ҳаётида шаҳарлар ўрнининг ортиши, ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ва аҳолининг ижтимоий, демографик таркиби, турмуш тарзи ва маданиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам шаҳарсозликни самарали ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорликда Ўзбекистондаги урбанизация бўйича янги ҳисоботини эълон қилиши ҳам ушбу эзгу ишлар билан узвий боғлиқдир. Унда шаҳарсозлик жараёнлари, уларни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири, мавжуд муаммолар ва самарали урбанизация имкониятлари, шунингдек, мамлакат аҳолиси фаровонлигини ошириш манфаатлари йўлида барқарор урбанизация учун зарур бўлган чора-тадбирлар ифода этилган.

Бугун пойтахтимиздаги “Radisson Blu Hotel” меҳмонхонасида ўтказилган тадбирда шулар хусусида сўз юритилди.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Жаҳон банкининг “Вақти келди: қандай қилиб Ўзбекистон урбанизацияни барқарор ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантира олади?” ҳисоботи тақдимоти бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, мазкур ҳисобот Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, республиканинг бир қатор ҳудудларидаги маҳаллий ҳокимият органлари ва Жаҳон банки экспертлари томонидан тайёрланган. Лойиҳани амалга оширишда Швейцариянинг иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти молиявий ёрдам кўрсатган.

[gallery-7587]

– Бугун Жаҳон банки билан ҳамкорликда бир йилдан буён мамлакатимизда урбанизацияни ривожлантириш масаласида олиб борилаётган ишлар бўйича тақдимот ўтказилди, – деди Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Адиз Бобоев. – Бу тақдимотда Жаҳон банкининг экспертлари қатнашиб, ўз фикрларини билдирди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон аҳолиси қарийб икки бараварга ошиб, бугунги кунда 35 миллионни ташкил этмоқда. Бу дегани, барча шаҳар ва қишлоқларимизда аҳоли сонининг кўпайиб бориши, инфратузилма объектлари, ижтимоий соҳага эҳтиёжнинг ошиб бориши ўзига яраша муаммоларни ҳам туғдиряпти. Шу сабабли, биз Жаҳон банки экспертларини жалб қилиб, ушбу муаммоларни ҳал этишга доир масалаларни ўрганиб чиқдик. Юртимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби давлат дастурлари ва ислоҳотлар билан мувофиқлаштирган ҳолда урбанизация ишлари бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрмоқдамиз. Биргина мисол, 2022 йилдан бошлаб “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ҳам бошланган. Бу ерда нафақат уйлар, балки аҳолининг турмуш тарзи учун муҳим бўлган ижтимоий соҳалар объектлари ҳам инобатга олинган.

Тақдимотда урбанизация Ўзбекистонни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ҳаракатлантирувчи куч бўлиши мумкинлигига эътибор қаратилди. Ушбу жараёнларни амалга ошириш учун бу борада тизимли ва босқичма-босқич чора-тадбирларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди. 2030 йилда Ўзбекистоннинг урбанизация даражасини 60 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун ривожланиб бораётган шаҳарларни самарали, ҳаёт учун қулай ва ресурслардан фойдаланиш нуқтаи назаридан барқарор қилиш керак. Жаҳон банки томонидан тақдим этилган ҳисоботда ислоҳотлар учун устувор йўналишлар белгиланган.

– Бу ҳисоботдан кўришингиз мумкинки, шаҳарларни иқтисодий ривожлантиришга имкониятлар бор, лекин ундан тўлиқ фойдаланилмаяпти, – деди Жаҳон банкининг шаҳарларни ривожлантириш бўйича мутахассиси Дмитрий Сиваев. – Шаҳарларнинг барқарор ўсишига ва иқтисодиётни ривожлантиришда бир қатор камчиликлар бор. Масалан, статистика маълумотлар сифати ва уларнинг етишмаслиги мавжуд. Ҳисоботимизда учта тавсия келтирилган. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни, турар жой ислоҳотларини, жойлардаги салоҳият ва ҳудудларни ривожлантириш ҳамда ҳозирги олиб борилаётган ер ислоҳотларини давом эттиришдир. Бу масалада етакчи устувор вазифа – Урбанизацияни ривожлантиришнинг миллий концепциясини қабул қилишдир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА