French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилда мамлакат аҳолиси 41 миллион кишидан ошиши кутилмоқда
17:25 / 2022-10-13

Яқинда Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган давр учун кутилаётган аҳоли сони прогноз қилиниб, унинг ижтимоий соҳага таъсири ўрганилди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан ўрганилган ушбу таҳлилда ҳар йили ўрта ҳисобда туғилиш, мамлакат аҳолиси сони, унинг ижтимоий соҳага таъсири масалалари ўрин олган.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа гуруҳ раҳбари Муҳаббат Аҳмедова олиб борилган ушбу тадқиқот натижалари ҳақида маълумот берди.

– Албатта, мамлакатимиз аҳолиси сони билан боғлиқ таҳлил қизиқарли ва кўпчиликни эътиборини тортади, – деди М.Аҳмедова. – Олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, 2030 йилгача бўлган даврда ҳар йили ўрта ҳисобда 900-950 минг гўдакнинг дунёга келиши ва бунда бир аёлга тўғри келадиган болалар сони 3,17 ни ташкил этади. 2030 йилга борганда мамлакат аҳолиси 41 миллион кишидан ошиши кутилмоқда. 3-6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 81 фоиз бўлиши кутилаяпти ва бунинг учун мактабгача таълим муассасаларида 1 миллион 400 минг нафар бола учун янги ўринлар ташкил этиш зарур деганидир.

Шунингдек, прогнозларга асосан олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етади. Бунда ОТМларнинг ҳозирги салоҳиятини 8 йил ичида 1,5-1,8 марта ошириш талаб этилади. 2030 йилгача амбулатория-поликлиника муассасалари сонини 7041 тага етказиш лозим. 2021 йилда улар 6676 тани ташкил этган.

ПМТИ томонидан 2022 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида мамлакатимизда туғилиш даражасининг нима сабабдан юқори эканлигини аниқлаш мақсадида сўров ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 25-45 ёш оралиғида бўлган ва 3 нафар, ундан кўп фарзандлари бор 200 нафар аёл иштирок этди. Сўров натижаларига тўхталадиган бўлсак, саломатлиги (43,8%) ва оилавий шароитининг яхшиланиши (47,9%) фарзанд кўришга қарор қилишдаги асосий сабаблардир. Оилаларнинг 36,2 фоизи яна бир фарзанд кўриш, 19,0 фоизи ўғил фарзандли бўлиш, 14,3 фоизи эса қиз фарзандли бўлиш истагини билдирди. Оилаларнинг 33,4 фоизида гўдак режалаштирилмаган ҳолда дунёга келган.

Эконометрик таҳлилга кўра, реал даромаднинг аҳоли жон бошига улуши ошаётгани, аёллар орасидаги ишсизлик Ўзбекистонда туғилишга таъсир этувчи омиллар эканлиги, шунингдек, аёлларни олий таълим билан ва болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг ошиши туғилиш даражасининг пасайишига олиб келиши маълум бўлди.

Бу жараёнлар ечими учун қандай таклифлар маъқул кўрилади? Саволга жавоб шуки, давлат қарзи ортиб бораётган шароитда фискал юкни енгиллаштириш мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишида хусусий иштирокчилар билан тизимли иш олиб бориш лозим. Бунда барча қарзларни бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун уларга лицензия ва бошқа ҳужжатларни бериш тизимини осонлаштириш мақсадга мувофиқ. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари бюджет маблағларини тақсимлашда ва ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ўрта муддатли режалаштиришда демографик ривожланиш прогнозларини ҳисобга олиши зарур. Демографик прогнозларни инобатга олган ҳолда, таълим ва соғлиқни сақлаш бозорининг халқаро ва маҳаллий иштирокчилари, шунингдек, тегишли технологияларни етказиб берувчилар таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларига ўрта муддатли юқори талаб мавжуд эканлигига ишонч билан қарашлари ва Ўзбекистонга сармоя киритишлари тавсия этилади. Ниҳоят, прогноз натижалари энергия, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган мувофиқлаштирилган ва тадрижий ислоҳотларни амалга ошириш муҳимлигини кўрсатади.




ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.