Айни кунларда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида барча соҳа қатори транспорт-логистика тармоғи борасида ҳам муайян мақсадлар кўзда тутилган. Республикамизнинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизимининг салоҳиятини оширишга қаратилган вазифалар ҳар бир йил кесимида аниқ кўрсаткичлар билан белгилаб берилган.
Жумладан, 2030 йилга бориб йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажмини 250 триллион сўмга етказиш назарда тутилмоқда.
Бунда электрлашган темир йўллари улушини 2026 йилда 53,7 фоиз, 2027 йилда 55 фоиз, 2028 йилда 57,3 фоиз, 2029 йилда 60 фоиз ҳамда 2030 йилда 65 фоизга етказиш режаси қўйилган.

Шунингдек, 2030 йилда авиақатновлар сонини 200 мингтага етказиш, жумладан, республика ҳудудлари ўртасида 41 мингтага етказиш кўзда тутилмоқда. Тошкент шаҳри билан боғланмаган ҳудудий авиақатновлар сонини эса 1 минг 560 тага етказиш мақсади ўз аксини топган.
Таъкидлаш лозимки, транспорт-логистика тармоғининг жадал ривожланиши иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш, соҳани барқарор ривожланишини таъминлайди. Шунингдек, юртимиз аҳолиси ва меҳмонларига қулай транспорт ва авиа хизматларни тақдим этишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА