Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилда электр энергиясида қайта тикланувчи энергетика улуши 13,8 фоизга етказилади
12:34 / 2021-11-27

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида “Inno Week.Uz-2021” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон Республикасида водород энергетикаси, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда энергия самарадорликни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Тадбирда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, “яшил” водород технологияларини ривожлантириш соҳаларида маҳаллий ва халқаро даражадаги амалиётчи-мутахассислар ва тадқиқотчи-олимлар ўз маъруза ва тақдимотлари билан  иштирок  этди.

Конференция давомида мамлакатда водород энергетикаси технологияларини ривожлантиришга оид бажарилаётган тадқиқотлар натижалари ва жорий ишларга бағишланган Ўзбекистон Республикасида водород энергетикасининг ривожланиши ҳолати бўйича йиллик ҳисобот тақдимоти ўтказилди. Тақдимотда водород технологияларини ривожлантиришга оид бир қатор тадқиқот режалари ҳақида тўхталиб ўтилди.

Жумладан,  мутахасcислар томонидан водородни сақлаш учун мўлжалланган ғовакли материалларни, металгидридларни ишлаб чиқариш, водород ёқилғи элементларини такомиллаштириш  бўйича  тадқиқотлар ҳамда водород технологиялари соҳасига оид лаборатория ускуналарини харидига молиявий маблағ ажратилиши тўғрисида маълумотлар  берилди.

Таъкидланишича, ҳозирда водород энергетикасига муқобил энергия манбаси сифатида тобора катта эътибор берилмоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан қабул қилинган Водород стратегиясига кўра, 2024 йилгача 6 ГВ тдан кам бўлмаган водороддан энергия олиш қувватларини ишга тушириш ҳамда 1 миллион тонна водород олиш, 2030 йилга келиб, бу кўрсаткични 10 миллион тоннага етказиш мақсад қилинган.

Шунингдек, Bloomberg прогнозларига кўра, 2045 йилга келиб бутун жаҳон  энергетикасида водород ёқилғисининг улуши 24 фоизга етади. Водород нархи  табиий  газнинг  бугунги  нархигача пасайиши кутилмоқда. Водород соҳасига киритиладиган инвестициялар миқдори 11 триллион АҚШ долларига етади. Водород савдосининг йиллик ҳажми 700  миллиард АҚШ долларини  ташкил этади.  

Қайд этиш лозимки, юртимизда қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш талаб этилади ва 2030 йилга келиб, ишлаб чиқиладиган электр энергиясининг умумий ҳажмидаги қайта тикланувчи  энергетиканинг улушини 13,8 фоизга етказиш белгиланган. Қуёш ва шамол энергиясининг асосий камчилиги – бу унинг ўзгарувчанлиги, яъни шамол тўхтаганида ёки кун ботганида энергия ишлаб чиқарилиши кескин тўхтайди ва энергетика тизимда ушбу камайган миқдорни бошқа манбадан тезкор қоплаш зарурати юзага келади. Ушбу манба сифатида водород газининг  истиқболлари юқори баҳоланмоқда.  

Шу муносабат билан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан устувор йўналиш сифатида “яшил” водород бўйича қатор амалий ишлар йўлга  қўйилди. Умумий  қиймати 5,9 миллиард сўм миқдорида соҳага оид 4 та йирик лойиҳа бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА