Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
202,9 минг тонна кўмир тўлиқ умумтаълим муассасаларига етказиб берилган
12:48 / 2023-10-27

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова иштирокида брифинг ташкил этилди. Унда таълим муассасалари биноларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Республикада 10 минг 118 та мактаб мавжуд бўлсада, аксарият мактабларда иситиш тизими электр энергиясига мослаб чиқилмаган. Мактабларнинг 3 минг 599 таси ёки 60,6 фоизи кўмир ёқилғисида иситилади.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, умумтаълим мактабларига жорий йил куз-қиш мавсуми учун 202,9 минг тонна кўмир ёқилғи маҳсулотлари жамғарилиши белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар улар тўлиқ равишда таълим муассасаларига етказиб берилган.

4 минг 491 та мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги объектларни локал иситиш тизимини кўмир ёқилғисига ўтказиш режаси тасдиқланган. Тегишли қонунчиликка асосан, 2023 йилда 2 минг 156 та мактабгача таълим ташкилоти ва 2 минг 335 та мактабнинг локал иситиш тизимларини кўмир ёқилғисига ўтказиш белгиланган. Ҳозирга қадар маҳаллий ҳокимликлар томонидан 926 та ёки 40 фоиз умумтаълим мактаби ва 1 минг 161 та ёки 54 фоиз мактабгача таълим ташкилотининг иситиш тизимлари газдан кўмир ёқилғисига ўтказилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабгача таълим ташкилотларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида жорий йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 181 та мактабгача таълим ташкилотларида жорий таъмирлаш, 16 минг 544 кв.м том қисмини алмаштириш, 6 минг 648 погона метр ички иситиш тизимини таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан бугунги кунга қадар белгиланган 130 та мактабгача таълим ташкилотларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА