Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2027 йилга қадар божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботлари такомиллаштирилади
11:35 / 2025-12-24

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, қуйидагилар 2027 йилга қадар божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини такомиллаштиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:

а) товарларни бевосита чегарада экспорт ва импортга расмийлаштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш; 

б) божхона тўловларини кечиктириб тўлаш асосида товарларни эркин муомалага чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга ошириш; 

в) ваколатли иқтисодий операторлар сонини 200 тадан ошириш; 

г) божхона аудити қамровини 30 фоизга етказиш. 

2026 йил 1 мартдан бошлаб товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда:

а) божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади;

б) божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобламаслик амалиёти жорий этилади. 

2026 йил 1 майдан бошлаб товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади. 

Қуйидагилар бўйича божхона органларининг ахборот тизимида хавф аниқланмаган тақдирда, божхона юк декларациялари автоматик расмийлаштирувдан ўтказилади: 

а) йирик солиқ тўловчи ташкилотлар, давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан импорт қилинаётган ташқи савдо юклари; 

б) тариф ва нотариф чекловлар татбиқ этилмайдиган экспорт қилинаётган юклар.

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражаларини эгаллаган ваколатли иқтисодий операторларга қўшимча қуйидаги имкониятлар тақдим этилади: 

а) божхона тўловлари ва солиқларни қайтариш, ўзаро ҳисобга олишда соддалаштирилган тартиботларни жорий этиш; 

б) товарларни қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби қайта ишлаш операцияларида қайта ишлаш учун рухсатнома талаб қилмаслик. 

Чегара қўшинлари томонидан шахсларни паспорт назоратидан ўтказишда қуйидаги асосларга кўра божхона органларини хабардор этиш амалиёти йўлга қўйилади: 

божхона органлари ахборот тизимида шахснинг божхона назоратидаги автотранспорт воситаси мавжудлиги тўғрисида маълумот бўлса; 

шахс божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги ёки бузиш хавфи мавжуд бўлса; 

б) қуйидагиларни амалга ошириш орқали чегара ўтказиш пунктларида божхона органларининг фаолияти мақбуллаштирилади: 

чегара ўтказиш пунктларидаги божхона назорати тартиб-таомилларини Чегара қўшинларига ўтказиш орқали; 

чегара ўтказиш пунктларида 2026 йил 31 декабрга қадар синов тариқасида автотранспорт воситаларини кўздан кечириш фақатгина Чегара қўшинлари томонидан амалга оширилади.

ЎзА