English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2027 йил 1 январдан бошлаб техник регламентларнинг объекти ҳисобланган маҳсулотлар учун "миллий мувофиқлик белгиси" (Conformity Uzbekistan) жорий қилинади
11:36 / 2026-02-26

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техник ҳиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ички бозорни хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутувчи бозор назорати тизими яратилади:

а) бозор назоратини маҳсулот тури ва хусусиятидан келиб чиқиб хавф-таҳлил натижаларига асосланган ҳолда ташкил этиш; 

б) бозор назоратини амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг фаолият соҳаларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаш; 

в) идоралараро Бозор назорати миллий ахборот тизимини жорий этиш; 

г) бозор назоратига оид фаолиятни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш. 

2027 йил 1 январдан бошлаб техник регламентларнинг объекти ҳисобланган маҳсулотлар учун "миллий мувофиқлик белгиси" (Conformity Uzbekistan) жорий қилинади ҳамда уларнинг мувофиқлиги хавф-хатарга асосланган ёндашув асосида баҳоланади. 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб мувофиқликни баҳолаш соҳасида тадбиркорлик субъектларига қуйидаги енгилликлар жорий этилади: 

а) мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан аккредитация соҳасида кўрсатилган пуллик хизматлар тушумидан ажратмалар 2,5 баробарга камайтирилиб, 2 фоиз миқдорида белгиланади ҳамда тўлиқлигича Ўзбекистон аккредитация маркази ихтиёрида қолдирилади; 

б) тадбиркорлик субъектлари томонидан икки ва ундан ортиқ аккредитациядан ўтган ҳолда мувофиқликни баҳолаш хизматлари йўлга қўйилган соҳада давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ушбу соҳада синов лабораториялари ва сертификатлаш органлари ташкил этилишига йўл қўйилмайди; 

в) ветеринария, ўсимликлар карантини, санитария ва мувофиқликни баҳолаш соҳаси мутахассисларининг малакасини оширишда ўқув дастури ва таълим ташкилотини мустақил танлаш имкони берилади; 

г) мувофиқликни баҳолаш органларига Миллий аккредитация тизимида аккредитация ўтган ҳолда экспорт бозорларида талаб этилаётган хорижий стандартлар асосида мувофиқликни баҳолаш ишларини ўтказишга рухсат этилади. 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб: 

а) мазкур Фармонда келтирилган давлат органлари ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг амалдаги раҳбар ўринбосарларидан бирига техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва метрология соҳаларидаги      ишларни мувофиқлаштирувчи - сифат менежери (quality manager) вазифалари юклатилади; 

б) туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолашда, корхоналарда халқаро стандартлар ва менежмент тизимларини жорий этиш кўрсаткичи киритилади; 

в) сифат менежери ҳамда ҳоким ёрдамчиларининг корхоналарда халқаро стандартлар ва менежмент тизимларини жорий этиш билан боғлиқ фаолиятига оид масалалар Агентлик томонидан “Сифат бўйича кўмакчи" электрон платформаси орқали мувофиқлаштирилади. 

Фармон билан: 

а) Халқаро амалиёт ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари асосида техник регламентларни қайта кўриб чиқиш дастури; 

б) 2026-2028 йилларга мўлжалланган халқаро стандартларни қабул қилиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди. 

2026 йил 1 майдан бошлаб ҳар қандай даражадаги стандартлардан фойдаланишга ихтиёрий тус берилади, халқаро (минтақавий, хорижий) стандартларни республика ҳудудида қабул қилишнинг халқаро амалиёти жорий этилади ҳамда стандартларнинг расмий рўйхати миллий стандартлар даражасида шакллантирилади. 

2027 йил 1 январдан бошлаб техник регламентларни сунъий интеллектни қўллаган ҳолда саноат, тадбиркорлик ва маҳсулот хавфсизлигини таъминлашга таъсирни ва кутилаётган самарадорликни олдиндан баҳолаш “regulation impact assessment" (техник жиҳатдан тартибга солиш таъсирини баҳолаш) натижаларига асосланган ҳолда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.

ЎзА