English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йилги маҳаллий бюджет тасдиқланди
16:38 / 2025-12-29

Сирдарё вилоятида 2026 йилги маҳаллий бюджет ҳамда туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг даромад ва харажатлари прогноз кўрсатгичлари тасдиқланди. Бу қарор еттинчи чақириқ Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 27-сессиясида қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил учун вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 2 трлн 264,3 млрд сўм, харажатлари эса 2 трлн 951,4 млрд сўм этиб белгиланди. Республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 687,1 млрд сўм миқдорида тасдиқланди, шундан акциз солиғи ҳисобидан 88,1 млрд сўм ажратилади.

Сессияда туман ва шаҳарлар кесимида бюджет прогнозлари, трансфертлар тақсимоти, захира жамғармалари ҳажмлари ҳамда айрим солиқ тушумларининг маҳаллий бюджетларда қолдирилиши масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси томонидан адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун тўловлар ҳамда Давлат тиббий суғурта жамғармасига трансфертларнинг тегишли тарзда тақсимланишининг таъминланиши белгиланди.

Вилоят бюджетининг захира жамғармаси ҳажми 19 362,5 млн сўмни ташкил этадиган бўлди. Туман ва шаҳарлар бюджетлари учун захира жамғармалари умумий харажатларининг камида 1 фоизи миқдорида шакллантирилиши ва олдинги йил ҳажмидан кам бўлмаслиги назарда тутилди.

Қарорда, шунингдек, харажатларни қисқартириш, бюджет ислоҳотлари ва трансфертлар тақсимоти қонунчилик ва молиявий мажбуриятлар доирасида амалга оширилиши, солиқ тушумлари турлари аниқ белгиланиши, маҳаллий бюджетларга келиб тушадиган даромадлар ва трансфертлардан самарали фойдаланиш чоралари кўрсатилган.

Қарор 2026 йил 1 январдан кучга киради ва маҳаллий бюджетларнинг самарали ва барқарор молиялаштирилиши учун асосий ҳуқуқий ҳужжат сифатида амал қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири