Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида дастлаб “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Ш.Назаров Бюджетнома лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумот берди. Таъкидланганидек, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича муҳокамаларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ саволлар, 10 дан ортиқ концептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсиялар берилди. Асослантирилган қатор таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди.

Мажлисда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбаларига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилинганига алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Ҳисоб палатасининг берган хулосалари ҳам депутатлар диққат марказида бўлди. Шу асосда халқ вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда, асослантирилган таклифларни Солиқ ва Бюджет кодексларида акс эттириш масаласи ўрганиб чиқилди. Хусусан, айрим асосли таклифлар бюджет ва солиқ тизимларини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинадиган бўлди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари таклифига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятларида онкологик ва юқумли бўлмаган бошқа касалликларнинг ўтказиб юборилган босқичини бошидан кечираётган беморларни стационар ҳамда амбулатор шароитида, шунингдек, уйда тиббий даволаш имконияти бўлмаганда, уларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатадиган ҳудудлараро хосписларни ташкил этиш учун 50 млрд. сўм маблағ кўзда тутилмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан берилган таклифлар асосида туризм соҳасининг тизимли ва барқарор ривожланишини таъминлаш, соҳада давлат бошқарувини янада такомиллаштирилишига доир тизимли ўзгаришларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси учун республика бюджетидан 194 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда.

ЎзХДП ва “Адолат” СДП фракциялари томонидан билдирилган таклифга мувофиқ эса оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 67 млрд. сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Ўзбекистон Экологик партия фракцияси томонидан глобал экологик вазиятни яхшилашда муҳим аҳамият касб этувчи Оролбўйи минтақасида ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириш учун билдирилган таклиф қаноатлантирилиб, бунинг учун 24 млрд. сўм маблағ ажратилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташладилар. Жумладан:
Умида Раҳмонова, депутат:
— Бюджетнома лойиҳасига депутатлар таклиф ва ташаббуслари билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бюджет камомадига таъсир кўрсатмайдими?
Шарофиддин Назаров, қўмита раиси:
— Қонунчилик палатасидаги муҳокамалардан кейин киритилган таклифлар бўйича жами 1 триллион 200 миллиарддан ортиқ маблағ назарда тутилмоқда. Шундан 182 миллиард сўми бюджет харажатлари ошишига таъсир қиляпти. Бу бюджет камомади 0,01 фоизга ошишига олиб келади. Бюджет камомадининг чегараланган ҳажми ЯИМга нисбатан 3 фоизни ташкил қилиши белгиланган. Ҳозирги ҳолатда бюджет лойиҳасида камомад миқдори 2,6 фоизни ташкил қилмоқда. Юқоридаги 0,01 фоиз қўшимча билан 2,62 фоиз атрофида бўлади. Демак, тақчилликнинг 3 фоизлик чегараси ҳисобга олинган.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнги “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА