Тараққиёт стратегиясида 2026 йилга қадар ўқув дастур ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқиб амалда жорий этиш, миллий ўқув дастурига асосан 699 номдаги, шу жумладан 2022 йилда 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ҳамда мобил иловаларни яратиш лозимлиги белгиланган.
Миллий ўқув дастури бўйича янги методикаларга ўқитувчиларни ўқитиш мақсадида Электрон малака ошириш платформаси учун 2026 йилга қадар 769 та видео дарс яратиш, умумтаълим мактабларида дарслик ва ўқув методик мажмуаларини тажриба синовидан ўтказиш масалалари ўз ифодасини топган.
Келажагимиз эгаларининг эртаси, тақдири билан чамбарчас боғлиқ бўлган ушбу масалалар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Миллий ўқув дастури жорий этилишининг умумий ўрта таълим тизимида таълим сифатини оширишдаги аҳамияти” мавзуидаги давра суҳбатида атрофлича муҳокама қилинди..
Тадбир иштирокчилари бугунги кунда янги дарсликларни яратиш, муҳокамадан ўтказиш, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш ва амалиётда дуч келинаётган муаммолар ечимини топиш, муқобил дарсликлар яратиш борасида ўзаро фикр алмашди.
Миллий ўқув дастурини амалиётга тўлиқ ва сифатли жорий этиш умуммиллий ҳаракатга боғлиқ. Мамлакатимизда умумтаълим мактабларини қуриш, уларни моддий-техник базаларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилар экан, мактабда таълимни ташкил этиш, дарсликларни тайёрлаш борасида хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланиш ғоят муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир сўнггида республикамизнинг барча ҳудудларида миллий ўқув дастурини яратиш борасида амалга оширилаётган ишларни соҳа мутахассислари билан кенг муҳокама қилиш, билдирилган таклифлар асосида мутассадди вазирлик ва идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўрганишлар ташкил этишга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА