Бугунги кунда қурилиш материаллари соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар сони 140 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг 7 минг нафари маъмурий бошқарув ходими, 21 минг нафари муҳандис ва технолог, 112 минг нафари эса ишлаб чиқариш ходими ҳисобланади.
Ўз навбатида, соҳада 50 минг нафар қўшимча ишчи ресурсига эҳтиёж бор. Айна шу талабдан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги 21 та олий таълим муассасасида соҳа учун кадрлар тайёрланмоқда.
АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов бу ҳақда маълумот берди. Унда Ж.Шерметов қурилиш материаллари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларни ўқитиш масаласига эътибор қаратар экан, бугунги кунда бу борада режалаштирилаётган ишларга ҳам урғу берди.
–Юртимиздаги муҳандис-техник йўналишидаги олийгоҳларда эҳтиёждан келиб чиқиб, аниқ йўналиш ва тармоқ учун кадрлар тайёрланади. Масалан, Тошкент архитектура-қурилиш институти Туркиянинг ихтисослашган олийгоҳларини жалб этган ҳолда муҳандис ва технологлар тайёрлашни режалаштирмоқда. Эътиборлиси, 2026 йилга қадар қурилиш материаллари соҳаси учун 10 минг нафар олий маълумотли кимёгар технолог, муҳандис, энергетик каби мутахассис тайёрланади. Республиканинг 16 та профессионал таълим муассасасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати бўйича мутахассислар тайёрлаётган касб-ҳунар мактаблари ва коллежлар билан ҳамкорликда 2026 йилга қадар 40 минг нафар ўрта-махсус маълумотли мутахассис ва ишчилар тайёрланади, –деди у.
Шунингдек, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва уларни ўқитиш масаласида бир қатор давлат ташкилотлари ва олий таълим муассаcалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу эса тармоқда камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат асосида табақалаштирилган тўлов-контракт шаклида ўқишга қабул қилишда ҳар йили 100 тагача ўрин ажратиш имконини яратмоқда.
Брифингда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси ҳақида ҳам сўз юритилди. Унга кўра, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ҳамкорлигида “Тадбиркорлар мактаби” ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган.
“ЎзқурилишматериалЛИТИ” МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази ҳузурида фаолият кўрсатаётган ўқув маркази тадбиркорлик субъектлари ва манфаатдор аҳоли вакилларини ушбу соҳада ўқитиш ва уларга янада кенг имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА