English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йилга бориб қурилиш материаллари экспорти 1,084 миллиард долларга етказилади
16:59 / 2022-04-20

Фармон ва ижро

Бугунги кунда мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари қизғин тусга кирган. Албатта, бу эса қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжни кундан-кунга орттирмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тармоқни тубдан такомиллаштириш ва қурилиш материалларига бўлган талабни қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур ҳужжат ижросига мувофиқ, қурилиш материаллари тармоғини бошқаришнинг мутлақо янги тизими жорий этилган. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаши, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг жойлардаги филиалларида Қурилиш материалларини ривожлантириш марказлари ташкил этилиши ва республикамиз ҳудудларидаги 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилгани бунга мисолдир.

Ўтган йили “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида “2022-2026 йилларда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш” дастури ишлаб чиқилди.

Дастурдан кўзланган мақсад қурилиш материаллари тармоғини янада такомиллаштириш, соҳага хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, экспорт кўрсаткичларини ошириш ҳамда янги саноат корхоналарини ташкил этишга қаратилган.

– 2026 йилга бориб тармоқ бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 42,3 триллион сўмга етказиш ва бунда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг улушини 2016 йилдаги 32,3 фоиздан 53 фоизгача ошириш белгиланган, – деди "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси Матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов. – Бу каби ишлар самарасида асосий турдаги қурилиш материалларига бўлган талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қопланади. Жумладан, газобетон, иссиқлик сақловчи изоляция материаллари, қурилиш ойнаси, цемент каби маҳсулотлар бўйича ички талаб қопланиб, маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспортга йўналтирилади. Шунингдек, 2026 йилга бориб қурилиш материалларининг экспорти 1,084 миллиард долларга ёки 2021 йилга нисбатан 2,5 бараварга оширилади. Асосий турдаги қурилиш материалларининг импорти 2020 йилга нисбатан 60 фоизга камайиб, 2026 йилда 185,6 миллион долларни ташкил этади

Дастурда инвестицияларни жалб қилиш масаласи алоҳида инобатга олинган. Тармоқ ривожи йўлида 2 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилиш кўзда тутилган.

– Янги инвестиция моделини амалга ошириш натижасида 2021-2025 йилларда 4,5 миллион метр куб газбетон блоклари, 85 миллион квадрат метр гипскартон листлари, 8,6 миллион метр куб темир-бетон маҳсулотлари, 4,5 миллион квадрат метр керамогранит, 1,9 миллион квадрат метр табиий пардозбоп маҳсулотлари каби янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. Бу ишлар 19,5 мингта янги иш ўрнини вужудга келтиради, – деди Ж.Шерметов.

Маҳаллийлаштирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳам дастурда кўрсатиб ўтилган. Бу даврда маҳаллий маҳсулотлар ҳажми жорий йилдагидан 1,7 бараварга оширилиб 1,55 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Яна энг муҳими, мазкур йилларда 7 турдаги янги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА