Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили стартап лойиҳага айлантириш салоҳияти юқори бўлган ғояларни аниқлаш бўйича "Энг инновацион ғоя" республика танлови ўтказилади. Бунда:
а) танлов давлат олий таълим ташкилотларида ўтказилади ва ғолибларга олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 100 миллион сўм грант берилади;
б) республика босқичи 10 та йўналиш бўйича ўтказилади, мукофот жамғармаси Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 10 миллиард сўм этиб белгиланади.
Энг яхши доллар (идеатонлар) ва IT ечимлар (хакатонлар) танловлари ғолибларига қуйидагиларни тақдим этишга рухсат этилади:
а) давлат венчур жамғармалари томонидан - бошланғич даражадаги стартап лойиҳаларга инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиш шарти билан 20 минг АҚШ доллари эквивалентигача миқдорда маблағларни конвертацияланадиган қарз сифатида;
б) рақамли технологиялар соҳасидаги стартап лойиҳаларга - "Рақамли стартаплар" дастури доирасида 10 минг АҚШ доллари эквивалентигача маблағларни грант сифатида.
2027 йилдан бошлаб қуйидагиларда лаборатория ва ускуна (ЗО-принтер), рақамли инфратузилма, экспертлар, коворкинг зоналари, юридик хизматлар, тест полигонлари ва молиялаштириш инструментларига эга тадқиқот ва ишланма марказлари (R&D center) ташкил қилинади:
а) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан - босқичма-босқич ёшлар технопаркларида ва олий таълим ташкилотларида;
б) Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан - Нурафшон шаҳрида.
Қарорга кўра, синовдан ўтказиш учун саралаб олинган йилига 10 тагача истиқболли лойиҳаларга намунавий модель (MVP) яратиш харажатларининг 50 фоизигача қисми, бироқ, 50 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдордаги маблағларни қоплаб бериш учун қуйидагилар ҳисобидан "R&D" ваучер тақдим этилади:
а) Ёшлар технопаркларида ва олий таълим ташкилотларида - Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси;
б) Рақамли технологиялар вазирлигида - "Рақамли стартаплар" дастури доирасидаги маблағлар.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим ташкилотларида "Олийгоҳлар - стартаплар генератори" дастури амалга оширилади. Бунда:
а) олий таълим ташкилотларида IT-парк ва венчур жамғармалар билан ҳамкорликда талабалар акселераторлари жорий этилади;
б) талабалар учун нуфузли халқаро акселераторлар ва университетлар билан стажировка ва алмашинув дастурлари йўлга қўйилади;
в) олий таълим ташкилотларига талабалар ва илмий ходимларнинг истиқболли стартап лойиҳаларига инкубация марказлари ва талабалар акселераторлари орқали ҳар бир лойиҳага 20 минг АҚШ долларигача эквивалентда ўз маблағларини инвестиция қилиш ҳуқуқи берилади;
г) талабалар акселераторларида "стартап менежер" ва "стартап трекер" лавозимлари кўзда тутилади.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг энг яхши бизнес ва стартап лойиҳаларини аниқлаш ва рағбатлантириш бўйича "Ёш тадбиркорлар" чемпионати ўтказилиши йўлга қўйилади.
ЎзА