Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ:
а) кўп квартирали уйлар қуришда урбанизация ва комплекс қурилиш тамойиллари асосида мавжуд имкониятлар ва ресурсларни инобатга олган ҳолда, реновация лойиҳаларини амалга оширишга устуворлик берилади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда "Янги Ўзбекистон" массивлари учун янги ҳудудларни танлаб олишнинг қонунчиликда белгиланган мезонларига мос келадиган, массив шаклидаги реновация ва комплекс қурилиш лойиҳаларига "Янги Ўзбекистон" массиви мақомини бериш орқали уларга нисбатан амалдаги тартиб-таомиллар ва молиялаштириш манбалари татбиқ этилади;
в) "Янги Ўзбекистон" массивларининг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия тежовчи ускуналар, муқобил иссиқлик тизимларидан кенг фойдаланилади ва "яшил" транспорт муҳити яратилади;
г) кўп квартирали уйлар қурилиши учун лойиҳа ҳужжатларининг архитектура қисмини келишиш жараёнида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги органлари томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли хулосада кўрсатилмаган янги асослар бўйича айнан бир хил лойиҳаларни рад этишга йўл қўйилмайди.
2026 йилда "Янги Ўзбекистон" ва бошқа массивларда кўп квартирали уйларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан жами 3,8 триллион сўм, шу жумладан, "Янги Ўзбекистон" массивлари учун Давлат бюджетидан 600 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда "Toshkent Invest kompaniyasi" АЖ ва "Samarqand Invest kompaniyasi" АЖ тажрибаси асосида акциядорлик жамияти шаклида инвестиция компаниялари ташкил этади. Бунда:
а) Инвестиция компаниялари тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини бажаради;
б) Инвестиция компаниялари тегишли ҳудудда Уй-жой дастурида назарда тутилган кўрсаткичларга эришилиши, Манзилли рўйхатга киритилган барча кўп квартирали уйлар ўз вақтида фойдаланишга топширилиши, шунингдек, устувор равишда ҳудудларда комплекс қурилиш лойиҳалари ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун масъул ташкилот сифатида фаолият юритади;
в) Инвестиция компаниялари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Миллий қўмитага ҳисобдор бўлади;
г) Инвестиция компаниялари кузатув кенгаши ва ижро органи таркиби Миллий қўмита билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
д) Инвестиция компанияларининг кузатув кенгаши таркибига мажбурий равишда камида бир нафар аъзо Миллий қўмита ёки унинг ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари орасидан киритилади;
ж) Инвестиция компаниялари фаолияти уларнинг ўз маблағлари, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан оладиган даромадлари, кўп квартирали уйлар қурилиши учун ер участкалари сотилишидан ва инфратузилма тўловларидан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан ажратмалар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
ЎзА