Янги йилдан бошлаб “Тошкент – Хива” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатнай бошлайди. Натижада Хоразм вилоятида темир йўл орқали йўловчи ташиш имконияти 500 мингдан 3,3 миллион нафарга, юк ташиш эса 1 миллион тоннадан 6 миллион тоннага етади.
Хабарингиз бор, 2024 йил июнда Жанубий Кореянинг Ҳюндаи Ротем ва Ўзбекистон темир йўллари ўртасида янги тезюрар поездларни сотиб олиш ва етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилган эди.

Шу кунларда “Жалолиддин Мангуберди” деб номланган юқори тезликдаги поездларнинг илк партияси Жанубий Кореядан Ўзбекистонга жўнатилган.
Жанубий Кореянинг Чангвон шаҳрида Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилган Ҳюндаи Ротем юқори тезликдаги поездларнинг илк партияси Масан портидан расмий равишда йўлга чиқди ва тез кунларда юртимизга кириб келади.

—Жорий йилда қиймати 325 миллион доллар бўлган “Бухоро-Урганч-Хива” темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси якунига етказилди, — дейди “Темирйўлинфратузилма” акциядорлик жамияти "Қўнғирот минтақавий темир йўл узели" филиалининг Хоразм ҳудуди бўйича бошлиғи Жаҳонгир Яқубов. — Аҳолимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 959 километр масофада ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди. Тезкор поезд бекаму кўст ҳаракатланиши учун линиялар тўлиқ таъмирланди.

Таъкидланишича, Тошкентдан Хивага 14 соат ҳаракатланадиган оддий поезддан фарқли ўлароқ, йўналишга янги қўйиладиган «Жалолиддин Мангуберди» тезкор поезди манзилга 7 соат 40 дақиқада етиб боради.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари