Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишга 3,3 триллион сўм йўналтирилади
15:37 / 2025-12-26

Дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга мурожаатномасида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилишини таъкидлади.  

Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари замон талабларига мослаб борилаётгани ҳамда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилган фермер ва деҳқонлар самарасини кўраётгани натижасида жами 2,6 миллион гектар майдон сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди, суғориладиган майдонларга нисбатан улуши 60 фоизга етказилди.

Жумладан, 664 минг гектарда томчилатиб, 121 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет ва 123 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 1,6 миллион гектар ерлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.

2025 йилнинг ўзида жами 817,2 минг гектар (режага нисбатан 168 фоиз) майдонларда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 103,2 минг гектарда томчилатиб суғориш, 30,7 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 13,7 минг гектарда дискрет суғориш технологияси жорий қилинди ҳамда 74 минг гектар майдон эгилувчан қувурлар орқали ва 49 минг гектар майдон эгатга плёнка тўшаб суғорилди ва 546 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди. Натижада айнан сув тежовчи технологиялар ҳисобидан 2025 йилда 2,3 миллиард метр куб сув иқтисод қилишга эришилди.  

Таҳлилларга кўра, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш сув ресурсларини 45-50 фоизга, ёқилғи мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни 25-35 фоизга ва бошқа механизация хизматлари харажатларини иқтисод қилиш билан бирга ҳосилдорликни 15-20 фоизгача оширмоқда. Мисол учун, Косон туманидаги “Косон” ва “Асл Нажим”, Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Фориш йуллари” фермер хўжаликлари томонидан пахтани томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига гектарига ўртача 80-85 центнер ҳосил олган (аввал ушбу майдонлардан 25-30 центнер ҳосил олинган).

Мирзаобод туманидаги “Sirdaryo Jingo” МЧЖ 1 000 гектар пахта майдонларида 2025 йилда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига 3,25 миллион метр куб сувни тежаш билан бирга ёқилғи мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни 25-35 фоизга иқтисод қилишга эришиб, гектарига ўртача 55-60 центнер ҳосил олган.

Су хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати маълум қилганидек, 2026 йилда 503 минг гектар суғориладиган ер майдонларида, шундан 75,4 минг гектар томчилатиб, 34,6 минг гектар ёмғирлатиб ва 28,9 минг гектар майдонда дискрет, шунингдек, 164,1 минг гектар майдонда бошқа суғориш технологиялари жорий қилинади. Бундан ташқари, 200 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА