Парламент қуйи палатаси мажлисида “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти доирасида кўтарилган масалалар, Солиқ кодексининг тартиб таомилларини Жаҳон савдо ташкилотининг битимлари ҳамда Хорижий инвесторлар кенгаши мажлисида илгари сурилган ташаббуслардан келиб чиқиб мувофиқлаштириш кўзда тутилган.
Жумладан, қонун лойиҳаси билан тадбиркорларга мол-мулк, ер, даромад, ижтимоий, айланма, қўшилган қиймат солиқлари бўйича ҳисоботларни солиқ органлари томонидан шакллантириш кўзда тутилмоқда. Бу тадбиркорлар томонидан солиқ ҳисоботларини юритишда хатоликларга йўл қўйилишининг олди олиниши ҳамда уларнинг вақти ҳамда маблағларини тежаш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларни олти ойга бўлиб тўлаш, кичик тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисоботларини тақдим этмаганлик учун жаримани 3 баробарга камайтириш ва улар бўйича умумий 1 та жарима қўлланилиши белгиланяпти. Бу ўзгариш тадбиркорларга молиявий жарималарни тўлашда қўшимча енгилликлар берилиши ҳамда уларнинг молиявий барқарорлиги таъминланишига хизмат қилади.
Солиқ органларининг жойига чиқмаган ҳолда тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини бериш ҳамда ушбу гувоҳномани 30 кундан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш ваколати солиқ органларидан суд органларига берилмоқда. Мазкур тартиб солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокамаларда депутатлар солиқ қарзини солиқ тўловчининг дебиторлари ҳисобидан ундириш имконияти яратилаётганини ижобий баҳолади. Ушбу механизмнинг жорий қилиниши нафақат солиқ йиғилувчанлигининг ортишига, балки тадбиркорларнинг узоқ муддат давомида ундирилмай келаётган дебитор қарздорликларидан солиқ тўлови манбаи сифатида фойдаланиш имкониятини яратади.
Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА