Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йилда солиқ сиёсатида қандай ўзгаришлар бўлади?
12:01 / 2025-11-26

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026-2028 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасида келгуси йил учун солиқ сиёсатида кўзда тутилган асосий ўзгаришларни эълон қилди.

Лойиҳада солиқ ставкаларининг асосий қисми са­қланиб қолинган бўлса-да, айрим акцизлар оширилиши, шакарли ичимликлар ва чипсларга янги солиқлар жорий этилиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор енгилликлар таклиф қилинган.

Асосий солиқ ставкалари ўзгармайди. 2026 йилда қуйидаги асосий ставкалар ўзгаришсиз қолади: фойда солиғи  15 фоиз, қўшимча қиймат солиғи 12 фоиз, жисмоний шахслар даромад солиғи 12 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз, бюджет ташкилотлари учун 25 фоизни ташкил этади. Айланма солиқ эса 4 фоизни, юридик шахслар мол-мулк солиғи 1,5 фоизни ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги ерлари учун ставка — ернинг меъёрий қийматига нисбатан 0,95 фоизни ташкил этади.  

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026-2028 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасида қайд этилишича, мазкур қарор рақобат муҳитини яхшилаш, солиқ маъмуриятини соддалаштириш ва бизнес барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Акциз солиғи: алкоголь, тамаки, шакарли ичимликлар ва чипсларга янги тартиб жорий этилади. 2026 йилда ЖСТ талабларига мувофиқ алкогол маҳсулотлари бўйича акцизлар босқичма-босқич тенглаштирилади. 1 февралдан маҳаллий — литрига 48 000 сўм (ҳозир 44 000), импорт — 60 000 сўм (ҳозир 76 000)ни ташкил этади. Шунингдек, келаси йилнинг 1 июлдан маҳаллий ва импорт учун ягона ставка — 48 000 сўм, вино ва пиво учун ҳам янги ставкалар белгиланган.

Тамаки товарларига акцизлар 7 фоизга оширилади ва ягона тартибга келтирилади. Яъни, 1000 дона сигарет – 365 000 сўм, 1 дона сигарет – 21 500 сўм, чилим тамакиси — 642 000 сўм/кг, вейп суюқлиги — 2140 сўм/мл. этиб белгиланади.

Ичимликлар таркибига қараб прогрессив шкала жорий қилинади.

Ўзбекистонда биринчи марта, картошка чипсларига — 15 000 сўм/кг. акциз солиғи жорий этилади. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига асосланади.

2026 йилдан кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор янгиликлар амалга киритилади.

Айланмаси 1 млрд. сўмгача бўлган ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун 1 фоиз айланма солиғи белгиланади (ҳозир 4 фоиз). ҚҚС ва фойда солиғига ўтаётган корхоналарга имтиёзлар, 1 йилга фойда солиғидан озод этиш, 6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларини ЕМИҲнинг 3,5 бараваригача чегирма берилди.

2026 йил 1 январдан, мол-мулк, ер, даромад, ижтимоий, айланма солиғи ва ҚҚС ҳисоботини солиқ органлари ўзи шакллантиради. Бир нечта ҳисобот топширилмаса, битта умумий жазо қўлланади. Экспорт бўйича ҚҚС қайтариш тартиби енгиллашади. Солиқ қарзи дебиторлар ҳисобидан ундирилиши мумкин бўлади.

Иссиқхона хўжаликлари — даромаднинг 60 фоизи иссиқхона фаолиятидан бўлса, 1 фоизи ижтимоий солиқ. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда — 0 фоиз ҚҚС. Гипс қазиб олувчи корхоналар учун — 50 фоиз ставкали солиқ жорий этилди.

Шунингдек, маҳаллий кенгашларга ер солиғи ва сув солиқлари бўйича коэффициентларни ўзгартириш ҳуқуқи берилади.

2026 йил солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар аҳоли истеъмоли ва тадбиркорлик муҳитига сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Акцизларнинг ошиши соғлом турмуш тарзини рағбатлантиришга қаратилган бўлса, кичик бизнес учун енгилликлар уларнинг бозордаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА