French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йилда қурилиш қонунчилигида нималар ўзгаради?
19:45 / 2025-12-24

Урганч шаҳридаги ёшлар марказида ўтказилган семинарда 2026 йилда қурилиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тарғиб қилинди.

Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорат инспекцияси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли  идора вакиллари, лойиҳачилар, буюртмачилар ва пудрат ташкилотлари ходимлари иштирок этди.  

Тадбир аввалида вилоятдаги қурилиш жараёнларини соддалаштириш, коррупцион омилларни бартараф этиш ҳамда соҳани тўлиқ рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишларга тўхталинди.  

Семинар дастурига асосан, спикерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги тегишли қарори билан 2026 йилдан бошлаб қурилиш соҳасига оид бир қатор ҳукумат қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар батафсил тушинтириб берилди.  

[gallery-26888]

Таъкидландики, мамлакатимизда амалдаги қонунчилик ҳужжатларини, хусусан, қурилиш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-тамойилларини соддалаштириш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ объектларни лойиҳалаштиришдан бошлаб улар фойдаланишга қабул қилингунгача бўлган жараёнлардаги амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳуқуқий бўшлиқлар, тўлиқ тартибга солинмаган жиҳатлар ва коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларнинг мавжудлиги амалиётда турли муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳам бор гап. Шу сабаб соҳани тартибга солувчи ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали мавжуд муаммоларни бартараф этиш зарурати юзага келаётган эди.  Қабул қилинган мазкур қарорга кўра соҳани тартибга солувчи амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қурилиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатувчи маъмурий регламентларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.

–  Объектларнинг хавф-хатар тоифасига қараб, уларга рухсатнома бериш ва лойиҳа ҳужжатларини келишишда давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғимлар миқдорини аниқ белгилаш, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари таркибига тегишли идора ва ташкилотларни киритиш орқали айрим тоифадаги объектлар лойиҳаларининг архитектура қисмини келишиш, объектларда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтказиш тартибини рухсат олиш тартибига ўтказиш, қурилиш-монтаж ишлари тугалланган  объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиботини такомиллаштириш каби ўзгартиришлар билан тўлдирилмоқда, –  дейди ҳудудий инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари Йўлдош Ҳакимов.–Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб, турар жой мажмуаларини қуришда объект номининг давлат тилида бўлиши ҳамда давлат тили қоида ва талабларига қатъий риоя этилиши мажбурий этиб белгилаб қўйилмоқда. Қурилиш объектлари лойиҳалари акс этган бино паспорти, пешлавҳаси, қурилиш майдонлари атрофидаги вақтинча девор ва тўсиқлардаги барча ёзув, шу жумладан, реклама ва эълонлар матнлари ҳам давлат тилида ёзилиши шарт. Объектларда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рухсатнома олишда ҳамда улардан фойдаланишга рухсатнома беришда муаллифлик, техник ва ички назоратни амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияларига тақдим этилади.  

Семинар қатнашчиларига 2026 йил 1 январдан бошлаб бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ва сейсмик хавфсизлигини таъминлашда давлат назорати ва бошқарувини такомиллаштиштиришга оид янгиликлар  ҳам таништирилди.

–  Янги тартиблар соҳадаги давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш, маъмурий регламентларни замон талабларига мослаштириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади,–  дейди Ҳудудий инспекциянинг шуъба бошлиғи Ҳайдар Қаландаров. – Давлатимиз раҳбарининг яқинда чиқарган тегишли фармонига асосан 2026 йил 1 январдан бошлаб ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш механизмлари такомиллаштирилади. Бу орқали энди қурилиш-пудрат ташкилотларининг объектлар қурилишида зилзилабардошликни таъминлаш бўйича жавобгарлиги кучайтирилади. Шу кундан эътиборан 2 ва ундан юқори қаватли барча кўп квартирали уй-жойларни инструментал-техник текширувдан ўтказишга ихтисослашган лойиҳа ташкилотларининг рўйхати шакллантирилади  ва “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида уларнинг рейтинги юритиб борилади. “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида инструментал-техник текширув хулосалари асосида бино ва иншоотларнинг техник ҳолати мониторинг қилинади.  

Семинар давомида онлайн кузатиш марказлари фаолияти учун муҳим бўлган тест режимида ишга туширилган янги дастур имкониятлари ҳам тақдимот қилинди. Шунингдек, лойиҳачилар, буюртмачилар ва пудрат ташкилотлари раҳбарлари томонидан  берилган саволларга жавоблар берилди.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари