Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши ўртача 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда
12:09 / 2026-03-02

2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши ўртача 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Ўсишнинг асосий омиллари сифатида ишбилармонлик фаоллиги, пул-кредит ва молия тизими, банк операциялари, саноат ишлаб чиқариши ҳамда чакана савдо кўрсатилмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тақдим қилинган 2026 йилнинг биринчи чораги учун Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши бўйича прогнозга кўра, ўтган йилда глобал чақириқларга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорликни сақлаб, мўътадил ўсишни намоён қилди.  

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ЯИМ 7,7 фоизга ўсиб, ўтган йилги кўрсаткич (6,7 фоиз)дан юқори бўлди. Шу билан бирга, Марказнинг аввал эълон қилинган прогнози юқори аниқликни кўрсатиб, ҳақиқий натижадан атиги 0,2 фоиз бандига фарқ қилди. Бу эса прогнозлашда қўлланилаётган ёндашувларнинг ишончлилигини тасдиқлайди.

Жорий иқтисодий фаолликнинг 35 та асосий ойлик ва ҳафталик кўрсаткичларини бирлаштирувчи динамик фактор модели асосида 2026 йилнинг I чораги учун ЯИМ ўсиши прогнозига кўра, 2026 йилнинг I чорагида Ўзбекистон ЯИМ ўсиши йиллик ифодада тахминан 7 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Прогнозга асосий ҳиссани ишбилармонлик фаоллиги кўрсаткичлари (3,1 фоиз банд), пул-кредит ва молия соҳаси (1 фоиз банд), банк транзакциялари динамикаси (0,9 фоиз банд), саноат ишлаб чиқариши (0,6 фоиз банд) ҳамда чакана савдо (0,3 фоиз банд) қўшмоқда.

Қўшимча равишда прогноз машинали ўқитиш усуллари орқали ҳам ҳисобланди. Бунда Google қидирув тизимидаги 20 та тоифа бўйича 250 та ҳафталик индикатор таҳлил қилинди. Натижаларга кўра, 2026 йил I чорагида ЯИМ ўсиши 7,2 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

2026 йил январь ойида қидирув сўровлари динамикасига кўра, “интернет ва телекоммуникациялар” тоифасидаги сўровлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,3 фоизга ошган. “Молия” тоифасида ўсиш 7,9 фоизни, “Харидлар” тоифасида эса 5,2 фоизни ташкил этган.

Икки хил ёндашув натижаларини таққослаш 2026 йилнинг I чорагида ялпи ички маҳсулот ўсиши 7-7,2 фоиз оралиғида бўлишини кўрсатмоқда (2025 йил I чораги прогнози 6-6,4 фоиз бўлган). Иқтисодий ўсишга ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши, молиявий ва инвестицион фаолликнинг ошиши, саноат ва хизматлар соҳасининг ривожланиши ҳамда инвестиция жараёнлари самарадорлигининг ортиши ижобий таъсир кўрсатади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА