Навоий вилояти ҳокимлигида туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона, ташкилот ва бошқармалар ахборот хизмати раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида ўзаро фикр алмашилди.
Дастлаб ҳокимлик вакиллари қарорда белгиланган устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.
Қарорда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми йиллик ўртача 7,9 фоизга, саноат 7,8 фоизга, бозор хизматлари 15,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,7 фоизга ўсишини таъминлаш, вилоятни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда аҳоли даромадлари барқарор ўсишини таъминлаш, 4,5 минг нафар аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш белгиланган.
– 2026 йилда вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартириш, шунингдек, лойиҳавий ёндашув асосида ҳудудлар ихтисослашувини янада чуқурлаштириш устувор вазифа этиб белгиланди, – дейди вилоят ҳокимлиги котибият мудири Жаҳонгир Умаров. – Хусусан, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақомига эга 8 та қишлоқ туманида танлаб олинган 16 та маҳаллада замонавий шаҳар муҳити ва муносиб яшаш шароитлари яратилади. Шунингдек, оғир тоифага киритилган Конимех ва Навбаҳор туманлари, камбағаллик даражаси юқори бўлган яна 12 та маҳаллада аҳоли фаровонлигини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс инфратузилмавий ҳамда ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар амалга оширилади. Вилоятдаги 40 та маҳаллани ихтисослаштириш доирасида 60 та тик қудуқ қазиш, трансформаторлар ўрнатиш, электр тармоқларини тортиш ва суғориш тизимларини бетонлаштириш ишлари бажарилиши режалаштирилган.
[gallery-27728]
2026-2027 йилларда Навоий вилоятида туячилик ва йилқичилик тармоғини ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлардан сут ва гўшт йўналишидаги зотли туя ва отлар олиб келинади. Грант маблағларини жалб этган ҳолда аҳоли ва чорвачилик хўжаликларидаги мавжуд майда шохли моллар тўлиқ идентификация қилинади.
Матбуот анжуманида ижтимоий соҳаларда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиши режалаштирилгани таъкидланди. Жумладан, “Бир мактаб – бир IT синф” тамойили асосида Навоий ва Зарафшон шаҳарларида синов тариқасида умумтаълим мактабларида IT синфлари ташкил этилади. “Касбий таълим тизимини такомиллаштириш” лойиҳаси асосида Қизилтепа туманидаги 2-сон техникумда Германия, Зарафшон шаҳридаги 1-сон техникумда эса Хитой тажрибаси асосида замонавий дастурлар ва технологияларни жорий этган ҳолда дуал таълим йўлга қўйилади.
Шунингдек, қарорга кўра, вилоятдаги туман ва шаҳарлар миллийлик билан уйғунлашган ҳолда замонавий қиёфага келтирилади. Хорижий сайёҳлар сонини ошириш мақсадида жойларда туризм қишлоқлари ва туристик объектларда бир қатор ишлар амалга оширилса, яшил ҳудудларни кўпайтириш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув захираларидан унумли фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Матбуот анжуманидан сўнг пресс тур ташкил этилди.
Иштирокчилар Навоий шаҳридаги “Ёшлик” кўли атрофида амалга оширилаётган янгиланишлар билан яқиндан танишди. Ушбу кўл 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, 24 гектар майдонни эгаллаган. Кўлнинг суви охирги марта 2008 йилда тўлиқ алмаштирилган.
– Ҳозирда Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, “Ёшлик” кўли ва улар атрофида эскирган ва самарали фойдаланмай келаётган объектлар жойлашган ҳудудни ягона мажмуа сифатида реконструкция қилиш орқали кўнгилочар истироҳат боғига айлантириш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Алишер Турдиев. – Лойиҳага кўра, кўл атрофида иккита – пляж ва хизмат кўрсатиш зоналари пайдо бўлади. Атроф ободонлаштирилади ва замонавий қиёфага келтирилади. Келгусида ҳудудда бир вақтнинг ўзида 1,5 минг аҳолига мўлжалланган 8 минг квадрат метрлик табиий пляж, ёшлар ва катталар учун замонавий аквапарк, 300 дан ошиқ хизмат ва сервис объектлари ташкил этилади. 2000 га яқин иш ўрни яратилиб, бюджетга йиллик ўртача 40,5 миллиард сўм тушум бўлади.
Пресс тур иштирокчилари Кармана туманида бўлиб, қарорга кўра режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Таъкидланганидек, вилоятнинг туман ва шаҳарларини миллийлик билан уйғунлашган замонавий қиёфага келтириш ишлари 2300 йиллик тарихга эга бўлган қадим Карманадан бошланади.
– Президентимизнинг ПҚ-58-сонли қарорида Кармана туманида амалга оширилиши белгиланган қатор вазифалар мавжуд бўлиб, улар асосида ишлар бошлаб юборилган, – дейди туман ҳокими Шоҳруҳ Болтаев. – Олмазор тумани мисолида ҳудудлардаги “эски шаҳарлар”нинг шаҳарсозлик қиёфасини миллий ёндашув асосида тартибга келтириш бўйича бош режа асосида Кармана марказий кўчаси ва 3 та ички кўча қиёфаси этник услубда реконструкция қилинади ва йўл инфратузилмаси яхшиланади. Қосим шайх хонақоҳи ва Мирсаид Баҳром тарихий зиёратгоҳлари реставрация қилинган ҳолда ўзаро боғланади. “Янги авлод” истироҳат боғи ва “Кармана деҳқон бозори” билан уйғунлаштирган ҳолда “Қадимий Кармана” туристик маркази ташкил қилинади.
Шунингдек, қарорда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратилиб, аҳоли даромадларини ошириш ва турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган вазифалар белгиланган. Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда туманда қишлоқ хўжалиги, йўл инфратузилмаси, ижтимоий соҳаларда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилади.
Пресс тур давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари