Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни ривожлантириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2026 йилда маҳаллани ривожлантириш бўйича устувор ислоҳотларни амалга ошириш орқали:
а) маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилади ва қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратилади;
б) камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сони 3,5 мингтага етказилади;
в) маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш таъминланади;
г) маҳаллалардаги муаммоларни бир вақтнинг ўзида тезкор ҳал этишда барча давлат органларига масъулиятни юклаб, ижрони 24/7 режимда онлайн назорат қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Фармон билан Маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури тасдиқланди.
Қуйидагилар иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
а) соҳа ва тармоқларни технологик ўсиш моделига ўтказиш орқали ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилгача 240 миллиард АҚШ долларидан ошириш учун зарур шароитлар яратилиб, жорий йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 167 миллиард АҚШ долларига етказилади;
б) иқтисодий ўсиш 6,6 фоизга етказилади, инфляция даражаси 6-6,5 фоизга туширилади, бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз даражасида сақлаб қолинади;
в) 1 миллион нафар фуқарони доимий иш билан таъминланади ва 263 минг оилани камбағалликдан чиқариш орқали камбағаллик даражаси 2,8 фоизгача ҳамда ишсизлик даражаси 4,5 фоизгача туширилади;
г) иқтисодиётга 50,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур шароитлар яратилади;
д) хизматлар бозори ҳажмини 100 миллиард АҚШ долларидан ошириш чоралари кўрилади;
ж) қурилиш ишлари ҳажми 11 фоизга кўпайтирлиб, 30 миллиард АҚШ долларига етказилади ва 4 миллиард АҚШ долларилик 3,5 мингдан зиёд янги хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади.
ЎзА