Ўзбекистон Республикаси Президенти “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар 2026 йилда аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
а) камбағаллик даражасини 2,8 фоизгача ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизгача пасайтириш;
б) 1 млн аҳолини доимий иш ўринларига жойлаштириш ҳамда 4 млн аҳоли даромадини ошириш;
в) 263 мингта камбағал оилаларни (1,1 млн аҳолини) уларнинг даромадини оширишга қаратилган хизматлар билан қамраб олиш;
г) камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш; д) 1 млн норасмий иш ўринларини легаллаштириш;
ж) 120 минг нафар мутахассисни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш;
з) 37 та оғир тоифадаги туманларда камбағаллик даражасини камида 2 бараварга қисқартириш ва Янги Ўзбекистон қиёфасидаги 33 та туман ва шаҳарни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш.
Қарор билан:
а) Ишсизлик ва камбағаллик даражасини камайтириш бўйича 2026 йил учун мақсадли кўрсаткичлар;
б) Аҳолини доимий иш ўринларига жойлаштириш бўйича 2026 йил учун мақсадли кўрсаткичлар;
в) Аҳолини даромадларни оширишга қаратилган хизматлар билан қамраб олиш бўйича 2026 йил учун мақсадли кўрсаткичлар;
г) Камбағал оилаларни уларнинг даромадини оширишга қаратилган хизматлар билан қамраб олиш бўйича 2026 йил учун мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Маълумот ўрнида, олдинроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда жойларда ўтказилган ўрганишлар асосида 37 та оғир тоифадаги туман ва камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та оғир тоифадаги маҳалла танланган эди.
ЎзА