Жаҳон ҳамжамияти Россия-Украина зиддияти, Ғазодаги хунрезликларни тўхтатиш йўлларини қидираётган бир пайтда, сайёрамизда яна янги кескинлик ўчоқлари пайдо бўлаётганга ўхшайди. Тўғри, экспертлар охирзамон келди, демаяпти, лекин хавотирлар кучайиб бораётганига мисоллар билан жавоб беришга ҳаракат қилишмоқда.
Узоқа бормайлик, 2025 йилда Осиё минтақасининг ўзида бир нечта кескинлик ўчоқлари: қуролли тўқнашувлар, чегара бўйича низолар бўлганини кўрдик. Масалан, Афғонистон чегараларида ҳамон беқарорлик кузатилмоқда. Мамлакатнинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудида қурбонларга сабаб бўлган қуролли тўқнашувлар юз берди.
Яна бир кескинлик Афғонистон-Покистон чегараларида кузатилмоқда. Икки қўшни давлат расмийлари ўт очишни тўхтатиш, мавжуд муаммоларни тинч музокаралар йўли билан бартараф қилиш учун бир неча бор учрашув ўтказди. Шунга қарамай, қуролли тўқнашувлар бот-бот такрорланмоқда. Муаммоларнинг ҳал этилмаганлиги, ўзаро айбловлар 2026 йил ҳам Кобул ва Исломобод муносабатларида кескинлик сақланиб қолишидан дарак бермоқда.
Маълумки, жорий йилда Покистон билан Ҳиндистон ўртасида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Агар икки давлат мустақилликка эришганидан буён бир неча бор жанг майдонида тўқнаш келгани ҳисобга олинса, бу йилги қуролли зиддиятлар сўнггиси эмаслигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Яна бир низо ўчоғи Камбоджа билан Таиланд чегарасида пайдо бўлди. Ракеталар, учоқлар, зерҳли техникалар қўлланилган жанглар чегара ҳудидан миллионга яқин одамларни хавфсиз ҳудудларга қўчиришга мажбур қилди. Гарчи, томонлар шу кунгача икки марта ўт очишни тўхтатишга эришган бўлсада, муаммонинг туб илдизлари ҳали бартараф этилмаган. Шу боис, келгуси йил бу мамлакатлар учун синов йили бўлишини кўпчилик таҳлилчилар тахмин қилмоқда.
Қитъамизда яна бир зиддият Хитой билан Тайван ороли ўртасида кечмоқда. Чин мамлакати оролни ўзининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди. Буни дунёнинг деярли барча давлати тан олган. Ғарб мамлакатлари эса, айниқса, АҚШ оролга вақти-вақти билан қурол-аслаҳа етказиб турибди. Ўз навбатида расмий Пекин Оқ уйнинг бундай ҳаракатини бевосита ХХРнинг ички ишига аралашиш, деб баҳоламоқда.
Яқинда Япония бош вазири ҳам Тайван ороли атрофида кескинликнинг кучайиши кунчиқар юрт манфаатларига зиён келтириши ҳақида баёнот берди ва Токио Тайпейни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу эса Япония билан Хитой муносабатларида совуқчиликни янада оширди. Қолаверса, японлар келгуси йил учун мудофаа харажатларини кескин кўпайтиргани маълум қилингандан кейин ушбу совуқчилик чинакамига кун тартибига чиқди, десак муболаға бўлмайди.
Таҳлилларга кўра, Корея ярим ороли атрофида ҳам кескинлик сақланиб қолмоқда. Яқинда Жанубий Корея разведкаси Шимолий Кореянинг ядровий синовга тайёргарлик кўраётганидан далолат берувчи белгиларни аниқлаганини эълон қилди. КХДРдаги Пюенгге-ри ядровий синов полигонида илгари ёпилган тўртта ер ости ядровий синов туннелларидан бирини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шимолий Корея келаси йилнинг 25 апрель куни Корея Халқ инқилобий армиясининг ташкил этилган кунида тактик ядровий қуролни синовдан ўтказиши мумкин.
Яна бир кескинлик ўчоғи Лотин Америкасида, тўғрироғи Венесуэла атрофида пайдо бўлган. Кузатувчилар агар президент Николас Мадуро таҳдидлардан қўрқмаса, биз тез орада Кариб денгизида Америка қанотли ракеталари учирилиши ҳақидаги янгиликларни эшитамиз, демоқда.
Глобал миқёсда АҚШ 2026 йилда икки муҳим масалани ҳал қилишда давом этади: биринчиси, Ғарбий ярим шарни “тўлиқ ўзиники” қилиш. Венесуэлага ҳужум, Гренландияга даъволар ва ҳатто Канада билан жанжаллар ҳам шу сабабдан. Шунингдек, Қўшма Штатларнинг биринчи рақамли рақиби бўлган Хитой билан Ҳинд-Тинч океани минтақасида геосиёсий жанг кечмоқда. АҚШнинг стратегик мақсадларидан бири – РФ ва ХХРни ажратишдир, дейди экспертлар.
– Дунё нотинч бўлган бир пайтда, Хитой ҳеч ким билан урушмаяпти, ҳеч кимни яраштирмаяпти ёки душманлик қилмаяпти ва ҳатто кенг кўламли сиёсий баёнотлардан қочмаяпти, аммо аста-секин сайёрадаги етакчи кучга айланиб бормоқда, - дейди Москва давлат университетининг Осиё ва Африка тадқиқотлари институти директори Алексей Маслов.
Украина масаласида Европа Иттифоқи бир сантиметр ҳам чекиниш ниятида эмас. Трамп нима қилмасин, Европанинг Россия билан можарони тугатишга қаратилган стратегик йўналиши нафақат 2026 йилда сақланиб қолади, балки мустаҳкамланади.
Афсуски, глобал тартибсизликларнинг асосий манбаи ҳали ҳам Яқин Шарқ бўлиб қолмоқда. У ердаги вазият яна бир бор кўплаб давлатлар манфаатларига таъсир қиладиган бир нечта йирик инқирозларга замин яратмоқда.
– 2026 йилда Исроил ва Эрон ўртасида зиддият янада кучаяди, - дейди Яқин Шарқ ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Семён Багдасаров.
Исроил Эрон ядровий иншоотлари, ракета заводлари ва ҳарбий инфратузилмасига янги зарбаларини бериши мумкин ва Вашингтон яна иттифоқчисига бу борада ёрдам бериши эҳтимоли юқори.
Трампнинг Ғазо сектори учун таклиф қилган тинчлик режаси иш берадими? Бунга ҳам аниқ жавоб йўқ. Чунки Ҳамас вақтинча жим туриши мумкин, лекин қуролсизланмайди, чунки бу ҳаракатнинг тўлиқ қулашини англатади. Шундай экан, Ғазода бомбалар портлашда давом этиши, исроилликлар гуманитар йўлакларни ёпиши ва аста-секин Фаластин ерларини ўзлаштиришда давом этиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Сурияда ҳам вазият узил-кесил ҳал бўлганича йўқ. Янги ҳукумат хануз мамлакатни тўлиқ назоратига ололмаяпти. Қолаверса, у ерда Туркия ва Исроил манфаатлари тўқнаш келмоқда. Кўриниб турибдики, ўлкада яна бир фуқаролар низоси эҳтимоли жуда юқорилигича қолмоқда.
Яманлик ҳусийлар ҳақида сўнгги пайтларда ҳеч қандай янгилик бўлмаяпти. Улар энди Ғарб кемаларига ҳужум қилмасликка, балки шунчаки улардан эркин ўтиш учун пул ундиришга қарор қилишган кўринади.
Украина 2026 йилда ҳам ташқи қарорларга чуқур боғлиқ бўлиб қолади. Бюджетнинг ярмигача Ғарбнинг кўмаги билан шакллантирилади ва мудофаа қобилиятининг асосий элементлари тўғридан-тўғри Вашингтон ва унинг иттифоқчилари қарорларига боғлиқ бўлади, деб ҳисоблайди экспертлар.
2026 йилга келиб фронтдаги вазият тобора кўпроқ қатъий можаро элементлари билан узоқ давом этган қарама-қаршилик сифатида тавсифланмоқда. Келаётган йилда агар Ғарбнинг Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдами сақланиб қолса, можаро узоқ давом этиши мумкин. Агар ёрдам камайтирилса, сценарий ўзгаради. Чунки ташқи молиялаштириш ва қурол-яроғсиз Украина ҳозирги мавқеини узоқ вақт сақлаб қололмайди.
“Bloomberg Economics” ёзишича, келаси йил учун энг юқори хавф Эфиопия, Марказий Африка Республикаси (МАР), Ангола, Гватемала, Конго Республикаси ва Малайзияда сақланиб қолмоқда. Нашр маълумотларига кўра, жорий йил январь ойидан буён айнан шу олти мамлакат 157 давлат орасида тартибсизликлар хавфининг энг тез ўсишини қайд этган.
2026 йил рекорд даражадаги энг иссиқ йиллардан бири бўлиш учун барча имкониятларга эга, дейди иқлимшунослар. Ўртача ҳароратнинг ошиши экстремал ҳодисаларнинг кетма-кетлигида бевосита акс этади. Иссиқлик тўлқинлари узайиб бормоқда, қурғоқчилик янада вайронкор тус олмоқда. Ўрмон ёнғинлари янги минтақаларга тарқалмоқда ва тошқинлар йирик шаҳарлар ва транспорт марказларига тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Хуллас, об-ҳаво хавфлари энди мавсумий эмас, доимий таҳдидга айланмоқда.
Аксарият мутахассислар 2026 йилни таркибий қайта қуриш даврига қиёсламоқда. Дарҳақиқат, иқтисодиёт ишлашда давом этмоқда, аммо бошқа қоидалар остида - мураккаброқ, олдиндан айтиб бўлмайдиган ва доимий мослашишни талаб қилмоқда.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси