Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 – 2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йил якунига қадар:
а) Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи "Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш" ахборот тизими ишлаб чиқилади ва синовдан ўтказилади:
қон ва унинг таркибий қисмлари тўғрисида тизимлаштирилган маълумотларни юритиш;
қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ишлатиш билан боғлиқ барча жараёнларни автоматлаштириш;
ушбу ахборот тизимини электрон тиббий карта, лаборатория ахборот тизимлари ва тиббиёт ташкилотлари билан интеграция қилиш;
б) Платформага қуйидаги имкониятларни берувчи янги функциялар киритилади:
Платформа орқали қон ва унинг таркибий қисмлари ҳаракатини назорат қилиш;
шошилинч тиббий ёрдам хизматлари билан интеграция қилинган ҳолда қон ва унинг таркибий қисмларига буюртма бериш;
тиббиёт муассасаларидаги қон ва унинг таркибий қисмлари захирасини онлайн кузатиш;
Туғруқ муассасаларини қон ва унинг таркибий қисмлари, плазма ва эритроцитлар масса захираси билан таъминлашни онлайн мониторинг қилиш. Бунда:
туғруқ муассасаларининг электрон ахборот тизимлари ва Платформа ўртасида ахборот алмашинуви йўлга қўйилади;
ҳомиладорлик даврида қон ва унинг таркибий қисмларига шошилинч зарурат туғилганда қон билан ишлаш хизматини автоматлаштирилган хабардор қилиш тизими жорий этилади.
2026 йил якунига қадар қон билан ишлаш хизмати ташкилотларидаги барча жараёнларни, қон ва унинг таркибий қисмлари захираси реестрини ўз ичига олган "Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш" ахборот тизими яратилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотларини мажбурий тартибда икки босқичли скрининг текширувидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб беғараз қон донорлиги ҳаракатини ривожлантириш мақсадида қуйидаги тизим жорий этилади:
а) ҳар ойда "Бирга ҳаётни сақлаймиз" миллий донорлик акцияси ўтказилади. Бунда мазкур акция доирасида ҳар ойнинг бир ҳафтаси мобайнида - қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида, ҳар ойнинг уч ҳафтаси мобайнида - таълим, даволаш ва бошқа ташкилотларда қон донорлиги ташкил этилади;
б) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида ҳар йили бир маротаба донорлик кунлари ўтказилади;
в) меҳнат жамоаларида донорлик кунларини ўтказиш йўлга қўйилади;
г) умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим ташкилотларида донорлик бўйича маънавий-маърифий тадбир ва учрашувлар ташкил этилади.
ЎзА