Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йил Самарқанд туризми учун янги давр бўлади
17:37 / 2026-01-20

Жорий йилда вилоятнинг туризм салоҳиятини, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантиришга бағишланган тақдимотда бу фикр алоҳида қайд этилди.

Вилоят ҳокими А.Бобоев туризм бошқармаси масъулларининг бу ҳақдаги тақдимоти билан танишар экан Самарқандда туризм мавсумий эмас, доимий фаолият бўлиши, йил давомида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар келиши учун алоҳида туризм йўналишлари ва дастурларини тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

– Самарқанд дейилганда ҳар қандай сайёҳ кўз олдига аввало, қадимий ёдгорликлар ва тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар келади, бу  ҳақиқат, – деди А.Бобоев. – Бундан ғурурланамиз, албатта. Лекин туристлар фақат шу тарихий обидаларни кўриш учун келадиган бўлса, бунга уларнинг кўп вақти кетмайди, яъни Самарқандда узоқ вақт қолмайди. Биз эса иқтисодиётда туризм соҳасининг улушини оширмоқчи, янги иш ўринлари ва халқимиз учун доимий даромад манбаи яратмоқчи бўлсак, вилоятимизнинг мавжуд туристик имкониятларидан унумли фойдаланишимиз лозим. Ахир сайёҳларни вилоятимизнинг исталган ҳудудига олиб бориб, ҳеч бўлмаганда, гўзал табиат манзаралари, тоғлар, қир-адирларларни, халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзини, анъана ва қадриятларимизни кўрсатиш мумкин. Бунинг учун фақат тоза-озода, сифатли туризм хизматлари кўрсатиш кифоя. Инфратузилма яратиб беришни биз ўз зиммамизга оламиз.  

Ана шундай эътибор ва имкониятлар туфайли ўтган йил вилоятда 20 дан ортиқ янги туризм йўналишлари ташкил этилди. Зиёрат туризми объектлари сони ошди. Шунингдек, 50 дан ортиқ гастрономик туризм нуқталари, 30 га яқин экотуризм масканлари, 20 дан кўпроқ тиббий туризм муассасалари, қолаверса. этнотуризм, агротуризм объектлари ташкил этилди.

Тақдимотда 2026 йилда вилоятда 20 та янги меҳмонхона, 96 та меҳмон уйи, 38 та хостел ташкил этилиши режалаштирилганлиги айтилди. Бунда хорижлик сайёҳларни 5 миллион нафарга, маҳаллий сайёҳларни эса 6 миллион нафарага етказиш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорида ҳам вилоят туман ва шаҳарларида туризмни ривожлантириш, бунинг учун қулай муҳит ва инфратузилма яратиш белгиланган. Ана шу вазифалар асосида йил давомида вилоятда 60 та янги инвестицон лойиҳа амалга оширилади. 8 та кўчани 24/7 тизимида ишловчи туризм кўчаси сифатида ташкил этиш режалаштирилмоқда. 70 дан ортиқ мамлакатнинг нуфузли оммавий ахборот воситалари ва туризм агентликлари вакиллари учун инфо-турлар ташкил этиш орқали Самарқанднинг туризм имкониятлари тарғиб қилинади.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобиловнинг қайд этишича, бу йил вилоятда “Шарқ таомлари” халқаро гастрономик фестивали, халқаро ҳаво шари, параплан, санъат, этно ўйинлар кўргазмалари ва маданий дастурлар кенг кўламда ташкил этилади. Шаҳар ва туманлар имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудда ўзига хос сайёҳлик фестиваллари ўтказилади.

Тақдимотда Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган туну кун фаолият кўрсатувчи туризм кўчалари ҳақида маълумот берилди. Вилоят ҳокими бу каби кўчаларда фото ва селфи зоналар ташкил этиш, одамларнинг эмин-эркин ҳаракатланиши учун қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш, кўчалар атрофида боғ ва яшил ҳудудлар ҳамда автотураргоҳлар яратиш бўйича масъулларга топшириқлар берди. Ҳар бир лойиҳада аввало маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга қулайлик яратиш асосий мезон бўлиши кераклиги таъкидланди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири