English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йил – маҳалланинг жамият ҳаётидаги ҳал қилувчи ўрни мустаҳкамланадиган йил
15:50 / 2025-12-26

Муносабат

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва кўп миллатли халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичини белгилаб берди. Ушбу тарихий Мурожаатнома мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларига йўналтирилганини, айниқса, маҳалла тизимининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бораётганини яна бир бор яққол намоён этди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги тўққиз йилда ислоҳотлар натижаси ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётида сезиларли даражада акс этмоқда. Бу эса маҳалланинг нафақат анъанавий ижтимоий институт, балки давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим кўприк сифатида шаклланаётганидан далолатдир.

Шу боис, бугунги кунда маҳалла тизими давлат сиёсатининг қуйи бўғини сифатида эмас, балки аҳолининг дардини эшитадиган, муаммоларни жойида ҳал этадиган, ижтимоий адолатни таъминлайдиган муҳим институтга айлантирилди. Президент Мурожаатномасида келтирилган рақам ва мисоллар маҳалла орқали амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қанчалик самарали эканини кўрсатади.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида маҳалла “еттилиги”га 100 дан ортиқ хизматларни бериш орқали мутлақо янги тизим яратилди. Натижада 1,5 миллиондан ортиқ фуқаролар камбағалликдан чиқди, 1435 та маҳалла “камбағалликдан холи ҳудуд” мақомига эга бўлди. Бу эса маҳалланинг инсон тақдирига бевосита таъсир этувчи механизмга айланганини англатади.

Президентимиз томонидан 2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили, деб эълон қилиниши чуқур сиёсий ва ижтимоий маънога эга. Бу қарор маҳаллага бўлган эътиборни янги босқичга олиб чиқиб, уни маънавият, тарбия, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт марказига айлантиришга қаратилган.

Хусусан, 2026 йилги Давлат дастури доирасида юртимиздаги 9 мингдан ортиқ маҳаллада инфратузилмани яхшилаш, иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгиланишига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, маҳалла инфратузилмасига 20 триллион сўм маблағ ажратилиши, ҳар бир сўм аҳоли учун қўшилган қиймат яратиши шарт экани белгилаб қўйилгани бу соҳада қатъий ва тизимли ёндашув мавжудлигини кўрсатади.

Қонунчилик палатаси депутати сифатида биз учун маҳалла билан ишлаш, унинг муаммоларини қонунчилик ва парламент назорати орқали ҳал этиш энг устувор вазифалардан биридир. Президент Мурожаатномасида депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун алоҳида маблағлар ажратилиши белгилаб берилди. Бу депутатнинг масъулиятини янада ошириб, уни халқ билан янада яқинлаштиради.

Қолаверса, ҳар бир депутат маҳаллада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ”лар ташкил этиш, экологик муҳитни яхшилаш, аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш бўйича аниқ ташаббуслар билан чиқиши зарур. Чунки маҳалла обод бўлса, жамият барқарор бўлади, давлат тараққий этади.

Мурожаатномада алоҳида таъкидланганидек, маҳалла – бу фақат маъмурий ҳудуд эмас, балки асрлар давомида шаклланган миллий қадриятлар, яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик мактабидир. Ижтимоий сўровларга кўра, аҳолининг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳис қилиши маҳалланинг жамиятдаги ижтимоий капитал манбаи эканини исботлайди.

Бугун глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир пайтда ёш авлодни ватанпарварлик, бағрикенглик ва фуқаролик масъулияти руҳида тарбиялашда ҳам маҳалланинг ўрни беқиёс. Шу боис маҳалла тизимини янада мустаҳкамлаш – бу нафақат ижтимоий, балки стратегик вазифа саналади.

Умуман олганда, Мурожаатнома халқ фаровонлигини ошириш, давлат бошқарувини самарали қилиш ва Янги Ўзбекистонни барқарор тараққий этган, рақобатбардош давлатга айлантиришга қаратилган аниқ режа ва устувор вазифаларни ўз ичига олган дастурий ҳужжат сифатида тарихий аҳамиятга эга.

Ушбу вазифаларни чуқур англаган ҳолда, маҳалла билан ҳамнафас ишлаш, халқ ишончини оқлаш ва Президент белгилаб берган юксак марраларга эришиш учун барча имкониятларни сафарбар этиш биз, халқ вакилларига катта масъулият юклайди. Зеро, маҳалла тинч ва обод бўлса, мамлакатимиз ҳам тинч ва фаровон бўлади.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Меҳнат, соғлиқни сақлаш

ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА