2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Бу жараёнда маҳалла институти ва унда фаолият юритаётган ижтимоий ходимларнинг ўрни ва масъулияти тобора ортиб бормоқда.

Жиззах вилояти Бахмал туманида ижтимоий ҳимоя соҳасида жорий этилаётган янги ёндашувлар айнан шу мақсадларга хизмат қилмоқда. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан маҳаллалар кесимида йўлга қўйилаётган ишлар аҳолининг реал эҳтиёжларини аниқлаш, муаммоларга ўз вақтида ечим топиш ҳамда ижтимоий хизматлар сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Қайд этилишича, бугун ижтимоий ҳимоя тизими фақат нафақа ёки моддий ёрдам билан чекланиб қолмаяпти. Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ишсизлик ва ижтимоий ҳимояга муҳтожликнинг илдиз сабабларини бартараф этиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳар бир оила билан индивидуал ишлаш, “маҳалла — оила — инсон” тамойили асосида манзилли ёрдам кўрсатишни талаб этмоқда.

Ижтимоий ходимлар фаолиятида замонавий ёндашувлар, рақамли имкониятлар ва таҳлилий усулларни қўллашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу аҳолининг муаммоларини тезкор аниқлаш, хизматлар қамровини кенгайтириш ҳамда кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини ошириш имконини беради.

Шу маънода, маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимларни моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳудуддаги 34 та маҳалла фуқаролар йиғини ижтимоий ходимларига замонавий моноблок компьютерлар ва принтерларнинг топширилиши уларнинг кундалик фаолиятида шаффофлик ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, 2026 йилда белгиланган устувор вазифалар доирасида ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳаллаларни ривожлантириш, жамиятда ижтимоий адолат ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида намоён бўлмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири