Кириб келаётган 2026 йил арафасида Давлатимиз Раҳбарининг Ўзбекистон халқи ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимиз ҳаётида муҳим дастуриламал аҳамиятга эга бўлган, кенг жамоатчилик, айниқса хотин-қизлар ва ёшлар учун катта руҳий-маънавий куч бағишлаган ҳужжат сифатида қабул қилинди.
Мазкур Мурожаатномада юртимиз тараққиётининг устувор йўналишлари билан бир қаторда, маҳалланинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, оилалар билан ишлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани биз – жамоат ташкилотлари учун муҳим йўл харитаси бўлиб хизмат қилади.
Айниқса, маҳаллага кириб бориш, оилалардаги хотин-қизларнинг турмуш тарзини ўрганиш, тиббий саводхонлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фарзанд тарбияси билан банд бўлган уй бекаларини оилавий бизнес ва касаначиликка жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш масалалари юртимизда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон аёллари ва қизлари уюшмаси сифатида биз Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, республикамизнинг барча ҳудудларида, айниқса чекка ва қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан тизимли иш олиб бориш, уларнинг турмуш шароити ва эҳтиёжларини ўрганиш, миллий ҳунармандчилик, касаначилик ва оилавий тадбиркорликка йўналтириш орқали уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашни ўз олдимизга устувор мақсад қилиб қўйганмиз.
Шунингдек, жорий йилда Маҳалла уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларимиз доирасида экологик йўналишдаги ташаббусларни ҳам кенгайтириш, аҳоли, айниқса хотин-қизлар ўртасида экологик маданиятни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган амалий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни режалаштирмоқдамиз.
Ишонч билан айта оламизки, Давлатимиз Раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар асосида жамоат ташкилотлари, маҳалла тизими ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамжиҳатликда иш олиб борса, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашда салмоқли натижаларга эришилади.
Мирадилова Насиба,
Ўзбекистон аёллари ва қизлари уюшмаси раиси