Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йил 1 январгача болалар оромгоҳлари фойда солиғидан озод этилиши кутилмоқда
13:50 / 2023-12-13

Фарзандларимизнинг ўз вақтида дам олиши, уларни соғломлаштириш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш келажак авлодимизни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада юртимиздаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари алоҳида ўрин тутади.

Эндиликда болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг йил давомида ишлаши ва уларга жалб этиладиган болалар салмоғини кўпайтириш мақсадида ушбу масканлар фойда солиғидан озод этилиши кўзда тутилмоқда.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Эркин Зоҳидов қуйидагиларни таъкидлади:  

— Бугунги кунда касаба уюшмалари тизимида 76 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари мавжуд. Ўтган даврда оромгоҳларга мавсумдан ташқари жалб этиладиган болалар салмоғини кўпайтириш, уларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, оромгоҳлар нуфузини янада юксалтириш, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган муайян ишлар қилинди.  

Шу билан бирга, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этиладиган болалар салмоғини кўпайтириш, уларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш мақсадида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш лозим.  

Шу мақсадда “Болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари вақтда ташкил этилган дам олиш масканлари сифатида фойдаланиш ва фаолияти бўйича олинган даромадлари бўйича маълум бир муддатга фойда солиғидан озод этилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, оромгоҳларни мажбурий равишда сертификатлаштириш талаб этилмаслиги белгиланмоқда.  

Жумладан, қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ва “Туризм тўғрисида”ги қонунга тегишли қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Солиқ кодексининг 483-моддасига 2026 йил 1 январгача бўлган даврда касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари вақтда ташкил этилган дам олиш масканлари ушбу йўналишда олинадиган даромадлари бўйича фойда солиғидан озод этилиши киритилмоқда.  

Маълумки, болалар оромгоҳлари мавсумий, яъни асосан таътил вақтида ишлайди. Мавжуд 76 та оромгоҳда 15 минг бола қамраб олинади. Бугун эса юртимизда 6,5 миллион ўқувчи бор. Президентимизнинг тегишли фармонидан келиб чиққан ҳолда қонунчилигимизга киритилаётган мазкур қўшимчалар болалар оромгоҳларининг йил давомида тизимли ишлашини таъминлайди. Ўқувчилар фақат таътил пайтида эмас, ундан бошқа вақтда ҳам ота-оналари билан биргаликда дам олиши мумкин бўлади.  

Шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларидан йил давомида самарали фойдаланиш ва уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш орқали уларда болаларга яратиладиган шарт-шароитларни яхшилаш, болаларни соғломлаштириш ва ақлий ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш имконияти яратилади.  

 

ЎзА мухбири  

Муҳтарама Комилова  

ёзиб олди