Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида “Экологик транспорт” тизими жорий этилади
11:24 / 2025-12-01

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсирини камайтириш мақсадида “Экологик транспорт” тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида “Экологик транспорт” тизими жорий этилади. 

“Экологик транспорт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида: 

Автотранспорт воситаларидан чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослиги даражасини аниқлаш, уларни экологик тоифаларга ажратиш ҳамда экологик стикерларни бериш тартиби тўғрисидаги низом; 

Ҳудудларда экологик зоналарни ташкил этиш ҳамда уларнинг атмосфера ҳавоси бўйича электрон экологик харитасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб республикада ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситаларини техник ҳужжатларида уларнинг экологик синфи кўрсатилади. Бунда сотувга чиқарилаётган автотранспорт воситалари электрон ҳисоб-маълумотномаларида уларнинг экологик синфлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади. 

Автотранспорт воситаларининг электрон ҳисоб-маълумотномалари асосида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл харакати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали “Автомототранспорт ҳисоби” модулига автотранспорт воситаларининг экологик синфига оид маълумотлар киритиб борилади. 

2026 йил 1 январга қадар республикада фойдаланишда бўлган, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситаларининг (тури, русуми, модели бўйича) ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган экологик синфига (“Евро” ва унга муқобил бошқа турдаги стандартлар) доир маълумотлар умумлаштириб, тасдиқланади. 

Икки ой муддатда экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситаларидан экологик зоналар ҳудудида экологик компенсация тўловларини тўлаган ҳолда фойдаланиш учун рухсатномани ушбу қарорда белгиланган тартибда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштириш ҳамда экологик компенсация тўловларини электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш имконияти яратилади. 

Маълумот ўрнида, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармонига мувофиқ, 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “Евро-5” ва ундан юқори стандартларга мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситалар эксплуатациясини босқичма-босқич чеклаш; 

Вазирлар Маҳкамасининг “Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” 2024 йил 29 мартдаги 166-сон қарорига асосан барча тоифалардаги автотранспорт воситаларидан чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича “Экологик транспорт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш, бунда: 

ҳудудларни улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида экологик зоналарга ажратиб бориш; 

автотранспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини автоматик баҳолаш тизими ёрдамида экологик стикерлар бериш орқали автотранспорт воситаларини “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга ажратиб бориш; 

экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш тақиқлаш белгиланган эди.

ЎзА