Ўзбекистон Республикаси Президенти “Солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш ва фаол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унда:
а) фуқароларда "солиқ тўлаш бурчим" деган фикрни шакллантириш, "солиқ – маҳалла тараққиёти гарови" тамойили асосида солиқ маданиятини янада юксалтириш;
б) солиқларни тўлашда маҳалла институтининг фаол иштирокини рағбатлантириш;
в) солиқ маъмурчилигининг бизнесни жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанглигини таъминлаш кўзда тутилган.
2026 йил 1 январдан бошлаб "Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла" номинацияси жорий этилади. Бунда ғолибларни аниқлаш бўйича мезонлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони;
б) ҳар 1000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари томонидан тўланган солиқлар миқдори;
в) ҳар 1000 нафар аҳолига тўғри келадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилар сони;
г) ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони ва улар томонидан тўланган солиқлар миқдори;
д) маҳалла фуқаролари томонидан мол-мулк ва ер солиқларининг тўланганлик даражаси.
"Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла" номинацияси ғолиблари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари жорий этилади:
а) ташаббусли бюджет доирасида кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳаллалар учун навбатдаги иккита мавсум доирасида лойиҳа киритиш имкониятини чеклаш қоидаси қўлланмайди;
б) лойиҳаларни шериклик асосида молиялаштиришда ушбу маҳаллалар аҳолиси томонидан лойиҳа қийматининг 25 фоизи молиялаштирилган тақдирда, лойиҳа ғолиб деб топилади ҳамда қолган 75 фоизи Давлат бюджетидан молиялаштирилади;
в) белгиланган мезонлар асосида ҳар йили биринчи 100 таликка кирган энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларнинг ҳар бирига Давлат бюджетидан 2 миллиард сўм миқдорида маблағ тегишлича Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига ажратилади. Бунда ажратилган маблағлар тегишли фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида фақат ушбу маҳалла ҳудуди инфратузилмасини (ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва электр таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини ўрнатиш ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини) яхшилаш учун йўналтирилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб "Очиқ бюджет" ахборот порталида жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳисобидан амалга ошириладиган бюджет харажатлари маълумотларини ўзида акс эттирувчи "Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар" модули ишга туширилади. Бунда:
жисмоний шахс томонидан муайян даврда тўланган даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўғрисидаги маълумот;
тўланган солиқлар эвазига Давлат бюджетидан амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар (харажатлар йўналишлари кесимида) доимий равишда эълон қилиб борилади.
ЎзА