Ўзбекистон Республикаси Президенти “Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги хизматларни кўрсатиш тартиби жорий этилади:
а) электрон рақамли имзо калитини бериш;
б) банк ҳисобварақларини очишга ариза топшириш ҳамда уларни фаоллаштириш;
в) айрим фаолият турлари бўйича лицензия, рухсатнома олишга ариза ёки хабарнома юбориш;
г) кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;
д) қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини олиш (солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан туриб автоматик равишда гувоҳнома бериладиган солиқ тўловчиларга);
ж) онлайн назорат-касса машиналарини онлайн равишда харид қилиш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
з) юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобга қўйиш.
“Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили доирасида:
а) тадбиркорлик субъекти ҳар бир хизматдан ўз танлови асосида ихтиёрий равишда фойдаланади;
б) танланган хизматлар бўйича ягона QR код орқали тўловни амалга ошириш имконияти яратилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
а) якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади;
б) тадбиркорлик субъектларининг бирламчи маълумотлари (исми, фамилияси, отасининг исми, фирма номи, манзили, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва ҳ.қ.) ўзгарганда ушбу маълумотлар бўйича ўзгартиришлар якка тартибдаги тадбиркор гуоҳномасига, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларга автоматик тарзда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан бепул киритилади.
2026 йилдан бошлаб:
а) лецензиялаш, рухсат бериш хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга жарима қўлланилганда, уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади;
б) “Лицензия” ахборот тизимда лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда қуйидагиларни назарда тутувчи ихтиёрий дастлабки баҳолаш хизмати йўлга қўйилади:
дастлабки баҳолаш доирасида талабгор лицензия ёки рухсатнома олиш учун харид қилиши режалаштирилган бино-иншоотлар, моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар, ёллаш кўзда тутилган ходимлар тўғрисидаги ҳамда бошқа маълумотлар лицензия ва рухсат бериш талаб ҳамда шартларига мувофиқлиги ўрганилади ва тегишли хулосалар беерилади;
дастлабки баҳолаш хизмати 20 кундан ошмаган муддатда кўрсатилади ва тегишли лицензия ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатни беришда аризани кўриб чиққанлик учун тўланадиган йиғимдан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундирилади.
Фармон билан Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш юкини камайтириш ҳамда бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
ЎзА