Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Транспорт воситаларини бошққариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб мопед ва скутерларни, шунингдек, энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 см3 гача бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган ёки номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларини (индивидуал ҳаракатланиш воситалари бундан мустасно) бошқариш учун миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида “А1” кичик тоифа жорий этилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
а) “А1” кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларга ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий ўқув дастурини ўтамасдан туриб, тўғридан-тўғри назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш ҳуқуқи берилади. Бунда:
талабгорлар ўзларининг ихтиёрига кўра ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқиши ёхуд мустақил тайёрланиши мумкин бўлади;
миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорлардан ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастури бўйича ўқишни тугатгани ҳақида гувоҳнома талаб этилмайди;
б) “А”, “В”, “С”, “D” тоифадаги автомототранспорт воситаларидан бирини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар “А1” кичик тоифадаги транспорт воситаларини тўғридан-тўғри бошқариш ҳуқуқига эга бўлади;
в) “Al” кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий имтиҳонда 20 та электрон (анимацион) тест саволларидан камида 16 тасига тўғри жавоб берган ҳайдовчиликка номзодлар “назарий имтиҳонни топширган” деб ҳисобланади ва амалий имтиҳонга қўйилади;
г) имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга “А1” кичик тоифага кирадиган транспорт воситаларини бошқаришга рухсат берилганлиги тўғрисида маълумот акс этган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.
2026 йил 1 февралдан бошлаб “А” ва “В” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади.
Бунда:
талабгорлар ўз ихтиёрига кўра назарий билимларни олиш учун ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқийди ёхуд мустақил тайёрланади;
талабгорлар мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларда автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича давлат ва нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларда тўлиқ қатнашади;
талабгорлар мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларда тўлиқ қатнашгандан сўнг транспорт воситаларини бошқариш кўникмаларини баҳолашнинг ижобий натижаларига асосан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширади;
талабгорларнинг ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастурининг амалий машғулотлардаги ўқишни тугатгани ҳақидаги маълумотнома электрон тарзда шакллантирилади;
“А” ва “В” тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб:
махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади;
жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси) фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимлаш тартиби жорий этилади.
2026 йил 1 мартга қадар ҳайдовчилар томонидан содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун уларга жарима балларини ҳисоблашнинг “E-jarimaball” модулида ушбу қарор талаблари асосида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима балларини қўшиб ҳисоблаш тизими йўлга қўйилади.
ЎзА