English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йил 1 январдан автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича бериш тартиби бекор қилинади
10:22 / 2025-09-08

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб: 

автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда “Ўзбекистон республика товар- хомашё биржаси” акциядорлик жамияти ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби; 

автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича бериш тартиби бекор қилинади. 

Автомототранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлмаган давлат рақами белгиларини беришнинг амалдаги тартиби эса сақланиб қолади. 

Энди 2026 йил 1 январдан бошлаб автомототранспорт воситалари учун исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари ягона оширилган тўлов эвазига жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғридан-тўғри электрон мурожаатига асосан берилади. 

Жисмоний ва юридик шахслар онлайн режимда узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини ахборот тизимлари орқали танлаб олади. 

2025 йил 1 октябрдан бошлаб исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари бериш учун ягона оширилган тўлов миқдори “Uzavtomotobelgi” давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади. 

Автомототранспорт воситаси қайта давлат рўйхатидан ўтказилганда барча тоифалардаги давлат рақами белгилари ягона оширилган тўловнинг 50 фоизи миқдоридаги тўлов эвазига унинг эгасининг номида қолдирилиши ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа шахс номига ўтказилиши мумкин. 

2026 йил 1 январдан бошлаб ягона очиқ маълумотлар базасида ҳудудларнинг код рақами доирасида барча тоифадаги давлат рақами белгилари (олдин берилган ёки фойдаланишда бўлганлардан ташқари) жойлаштирилади. Бунда ҳудуднинг кейинги код рақамига фақат олдинги код рақами доирасидаги харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларининг 90 фоизи банд бўлган тақдирда ўтилади. 

“Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади. 

“Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ ахборот тизимига аукционга қўйилиб, сотилмаган, шунингдек, ишлаб чиқарилиб, сотилмаган харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари: 

1-3-тоифадаги давлат рақами белгилари - “Uzavtomotobelgi” давлат унитар корхонаси томонидан белгиланган ягона оширилган тўлов эвазига берилади; 

4-6-тоифадаги давлат рақами белгилари - харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлмаган давлат рақами белгиларини беришнинг амалдаги тартибида берилади. 

“Uzavtomotobelgi” давлат унитар корхонасига аҳолининг талаб ва таклифидан келиб чиққан ҳолда автомототранспорт воситалари учун олтитагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлган “ноёб” давлат рақами белгиларини очиқ ким ошди электрон савдоларини ўтказиш орқали бериш ҳуқуқи берилади. 

“Ноёб” давлат рақами белгилари амалдаги давлат рақами белгиларини такрорламаслиги, қонунчиликка ва ахлокий нормаларга хилоф маънога эга бўлмаслиги керак.

                                                                                                                      ЎзА