Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йил 1 мартга қадар экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия тузилади
13:29 / 2025-11-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш мақсадида 2026 йил 1 мартга қадар пойтахтда экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилади. 

Тошкент шаҳридаги экологик вазият доимий таҳлил ва мониторинг қилиниб, экологик вазиятнинг ёмонлашиши тенденциялари прогноз қилиб борилади. 

Экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг ҳаракатлари мувофиқлаштирилади ҳамда улар ўртасида зарур ҳамкорлик ва маълумот алмашиш ташкил этилади.  

Экологик муаммолар бўйича тадқиқотлар мувофиқлаштирилади, муаммоларнинг олдини олиш бўйича, шу жумладан, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида ҳамда хорижий ва маҳаллий олим ва экспертларни жалб этган ҳолда замонавий ва самарали усуллар ишлаб чиқилади ва жорий этилади. 

Тошкент шаҳрида экологик вазият мураккаблашган ҳолларда унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар аниқ молиялаштириш манбалари, шу жумладан, Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади. 

Махсус комиссияга қуйидаги ваколатлар берилади: 

а) табиий чангланиш кучайган пайтда саноат корхоналари, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловларни жорий қилиш; 

б) транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, жумладан: 

Тошкент шаҳрида юк ташиш автотранспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш амалиётини йўлга қўйиш; 

автотранспорт воситаларининг, шу жумладан давлат рақамига мос равишда тоқ ва жуфт саналарда ҳаракатланишни чеклаш амалиётини жорий қилиш (электромобиллар бундан мустасно); 

ҳаракатланиши вақтинчалик чекланадиган автотранспорт воситалари турлари, кўчалар ва бошқа ҳудудларни белгилаш; 

в) атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиш; 

г) Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларга кўчирилиши мажбурий бўлган саноат корхоналари ва саноат зоналарини белгилаш; 

д) саноат корхоналари учун ташланмаларнинг рухсат этилган миқдорини белгилаш ва ушбу талабни бузган саноат корхоналари фаолиятини тўхтатиш бўйича белгиланган тартибда чора кўриш; 

ж) қурилиш ишларини амалга оширишга чеклов ва уларга талаблар жорий қилиш, шу жумладан қурилиш вақтида чангни бартараф этувчи ускуналарни ўрнатиш ва бошқа талаблар; 

з) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини экологик талабларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида мувофиқлаштириш; 

и) оқар сув (дарё, канал, ариқ) объектларида сув объектлари қирғоқ муҳофаза минтақа зоналарида қурилишни тақиқлаш ва экологик вазиятни яхшилаш билан боғлиқ бошқа ваколатлар. 

Махсус комиссиянинг унга юклатилган вазифалар ва берилган ваколатлар доирасида қабул қилинган қарорлари, кўрсатмалари барча давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

ЎзА