Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб кўп квартирали уйларнинг техник кўрсаткичлари, ҳолати, туташ ер участкалари, электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви истеъмоли, инфратузилмасини яхшилаш учун ажратилган ва сарфланган маблағларнинг ҳисоб-китобини юритиш имконини берувчи "Менинг уйим" АБТда "Тураржой" ахборот бўлими ишга туширилади.
2026 йил 1 майдан бошлаб:
а) янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг лойиҳа ҳужжатларида ҳар бир подъездга, лифтларга ва туташ ҳудудга кузатув камералари, шунингдек, кириш эшикларига домофон комплекслари ўрнатиш назарда тутилади;
б) қурилиши тугалланган кўп квартирали уйни фойдаланишга қабул қилишда:
белгиланган тартибда расмийлаштирилган кадастр паспорти "Менинг уйим" АБТнинг "Тураржой" ахборот бўлимида автоматик равишда акс эттирилади;
в) кўп квартирали уйлардаги марказий электр тақсимловчи қурилмалар Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан (ҳисобидан) эксплуатация қилинади;
г) марказлашган оқова сув тармоқларига уланмаган кўп квартирали уйларнинг оқова сувларини олиб чиқиб кетиш хизмати "Ўзсувтаъминот" АЖнинг тизим корхоналари томонидан режали тарзда, истеъмолчилар билан шартнома асосида ёки хизмат нархи ичимлик суви тарифига қўшилган ҳолда амалга оширилади;
д) 2026 йилда бошланадиган ва давом этадиган "Янги Ўзбекистон" массивлари қурилишида кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган алоҳида биноларни қуриш назарда тутилиши шарт ҳамда мазкур объектларни қуриш инвестиция дастурлари доирасида амалга ошириб борилади.
Кўп квартирали уйлардаги таянч ва (ёки) тўсиқ конструкцияларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шу жумладан, кўп квартирали уйларда ва уларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш ҳолатлари бошқарувчи томонидан аниқланган ҳамда ҳолат тўғрисида назорат органларига хабар берилган тақдирда, мазкур ҳолатлар юзасидан қўлланган маъмурий жарима суммасининг йигирма беш фоизи бошқарувчига мукофот сифатида тўлаб берилади, бунда ушбу ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар "Менинг уйим" АБТга киритилади.
Кўп квартирали уйнинг умумий истеъмоли учун сарфланадиган газ, электр энергияси ва ичимлик суви бўйича ҳисоб-китоблар кўп квартирали уйларнинг умумий ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида ҳар бир кўп квартирали уй бўйича алоҳида юритилади, муайян кўп квартирали уй учун ҳисобланган қарздорлик сабабли ушбу уйга хизмат кўрсатувчи бошқарувчига тегишли бошқа кўп квартирали уйларни тармоқдан ўчириш тақиқланади.
ЎзА