Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тадбиркорлик субъектларига давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни ткомплекс кўрсатиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, хусусий секторни жалб қилган ҳолда тадбиркорлик субъектларига давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни битта нуқтадан комплекс тарзда кўрсатиш орқали бизнесни тез ва осон бошлаш ҳамда юритиш мақсадида:
а) мингдан ортиқ давлат ва хусусий хизматларни "ягона дарча" тамойили асосида кўрсатишни йўлга қўйиш орқали тадбиркорлар фаолиятига тўлақонли ҳамроҳлик қилиш тизими жорий этиш;
б) тадбиркорлар масалалари ва муаммоларини эшитиш, муҳокама қилиш ва жойида ҳал қилишга мўлжалланган сифат жиҳатдан янги майдонча яратишни кўзлаган асосий мақсадлар белгиланди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили асосида хизмат кўрсатиш бўйича "Бизнес ҳамроҳ" лойиҳаси амалга оширилади.
"Бизнес ҳамроҳ" лойиҳаси доирасида:
а) Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган "Бизнес ҳамроҳ" марказлари фаолияти йўлга қўйилади ва улар мазкур қарорга мувофиқ асосий вазифаларни амалга оширади;
б) дастлабки босқичда "Бизнес ҳамроҳ" марказлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар марказларида биттадан ташкил этилади;
в) тадбиркорлик субъектларига давлат ва хусусий хизматларни кўрсатиш зарур функционал имкониятларга эга бўлган давлат хизматлари марказлари биноларида ёки янги қуриладиган (реконструкция қилинадиган) биноларда йўлга қўйилади.
"Бизнес ҳамроҳ" лойиҳаси доирасида хусусий хизматларни кўрсатишни ташкил қилиш учун:
а) хизмат кўрсатиш жойлари тегишли хизмат тури аниқ кўрсатилиб ва кичик лотларга бўлинган ҳолда тадбиркорлик субъектларига 1 йилгача муддатга ижарага берилади;
б) "Бизнес ҳамроҳ" марказларига уларга ажратилган бинодан хизмат кўрсатиш жойларини балансда сақловчининг розилиги билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда иккиламчи ижарага беришга рухсат этилади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқотини ташкил қилишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
а) раҳбарлар ҳар чоракда тасдиқланадиган режа-графиклар асосида ҳудудларда тадбиркорлар билан "Бизнес ҳамроҳ" марказларида учрашади;
б) режа-графиклар ҳар чоракда барча учун очиқ ҳолатда "Бизнес ҳамроҳ" электрон платформаси ва тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;
в) платформадаги "Раҳбарлар билан мулоқот" модули орқали бир чорак давомида битта ҳудуддан камида 10 нафар тадбиркорнинг мурожаати йўналтирилган ташкилот раҳбарлари кейинги чорак учун мўлжалланган режа-графигига ушбу ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашув ўтказишни киритади (бундан мурожаатлар кейинги режа-график тасдиқлангунга қадар ижобий ҳал қилинган ҳолатлар мустасно);
г) учрашувларда кўтарилган ва "Бизнес ҳамроҳ" марказининг "Call маркази"дан келиб тушган мурожаатлар платформа орқали "Тадбиркор виртуал офиси" ахборот порталига киритилади. Бунда:
мурожаатлар ваколатли органларга кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун йўналтирилади;
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мурожаатлар кўриб чиқилиши ва давлат хизматлари ўрнатилган тартибда кўрсатилиши устидан назоратни амалга оширади;
келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида тизимли масалалар ечими юзасидан қонунчиликни ёки ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ҳар чоракда таклифлар киритиб борилади;
д) учрашувлар, кўтарилган масалалар, ҳал этилган мурожаатлар сони каби кўрсаткичлар асосида раҳбарлар фаолияти баҳоланиб, ҳар чоракда платформада уларнинг рейтинги эълон қилиб борилади.
ЎзА