Ўзбекистон Республикаси Президенти “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 6 та МЭД божхона постлари тугатилади.
“Ойбек”, “С.Нажимов” ва “Сирдарё” чегара постлари 2026-2029 йилларда реконструкция қилинади.
2026 йил 1 июндан бошлаб:
а) тадбиркорлик субъектларига божхона божини 120 кунга қадар кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
б) божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг бош таъминоти туридан фойдаланишда хавфларни бошқариш тизимининг натижаларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этилади.
2026 йил 1 мартдан 2027 йил 1 мартга қадар синов тариқасида:
а) мутасадди вазирлик ва идоралар таклифларига асосан Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тайёр маҳсулотлар учун божхона божи суммасидан кўра уларни ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хомашё ва материаллар импорти учун ундириладиган божхона божи суммаси баландроқ ҳисобланадиган товарлар рўйхатини босқичма-босқич шакллантиради;
б) шакллантирилган рўйхатдаги товарларни қайта ишлаш учун олиб кириладиган хомашё ва материалларни божхона ҳудудида қайта ишлаб божхона режимидан сўнг эркин муомалага чиқарилади:
импорт божхона божи, уларнинг келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдорида қайта ишлаш маҳсулотидан ундирилади;
қонунчилик билан назарда тутилган божхона тўловларидан имтиёзлар қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан қўлланади;
в) мазкур тартиб асосида олиб кирилган хомашё ва материаллардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат ўрнатишга Божхона қўмитаси масъул этиб белгиланади.
ЎзА