Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Умумий овқатланиш корхоналарида ҳосил бўладиган озиқ-овқат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан оқова сувлардаги ёғ-мой маҳсулотлари ажратиб олинишини таъминлайдиган ёғ-мой тутгич ускуналари мавжуд бўлган умумий овқатланиш корхоналарига марказлашган оқова сув тизимларига уланишга рухсат берилади.
Умумий овқатланиш корхоналарида ҳap ойда камида бир маротаба ёғ-мой тутгич ускуналарининг техник хусусиятларидан келиб чиқиб, улар чиқинди ёғ-мойлардан тозаланади, ушбу чиқинди ёғ-мойлар қайта ишланади ва утилизация қилинади.
Умумий овқатланиш корхоналарида озиқ-овқат маҳсулотларини пишириш учун газ таъминоти, улар бўлмаганда, ёғоч ёки тайёр кўмирдан фойдаланишда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддалар ва ҳидларни ушлаб қолувчи қурилмаларни ўрнатиш чоралари кўрилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб озиқ-овқат чиқиндиларини компостлаш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда органик ўғитларни қўллаш тизими кенгайтирилади.
Умумий овқатланиш корхоналаридаги оқова сув тизимларига ёғ-мой тутгич ускуналарини ўрнатиш орқали чиқинди ёғ-мойлардан иккиламчи хомашё (хўжалик совунлари, ҳайвон озуқалари ва бошқалар) ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
Қарор билан Ўзбекистонда 2026-2030 йиллар “Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври” деб эълон қилинди.
Ушбу даврда:
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар белгиланган тартибда ўтказилиши қатъий назоратга олинади;
аҳоли эҳтиёжига етарли даражада ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади;
аҳоли орасида ўртача кунлик рационал овқатланиш нормативлари асосида тўғри овқатланиш бўйича тушунтириш тадбирлари ўтказилади;
озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳосил бўлган чиқиндилар қайта ишлаш корхоналарига топширилиши таъминланади.
2026 йил 1 январга қадар:
санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида умумий овқатланиш корхоналарининг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини камайтиришга оид талаблар белгиланади;
шахарсозлик нормалари ва қоидаларига умумий овқатланиш корхоналарида ўрнатиладиган вентиляция ва ҳаво фильтрлаш қурилмалари учун алоҳида талаблар киритилади.
ЎзА