English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими босқима-босқич жорий этилади
16:28 / 2026-01-08

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг 2030 йилгача бўлган устувор йўналишлари  белгиланди. Улар: 

а) давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида коррупцияга қарши курашишнинг профессионал ва самарали тизимини ташкил этиш; 

б) коррупция оқибатлари билан курашишдан кўра коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш ва превентив механизмларни жорий этиш орқали тизимли коррупциявий ҳолатларни олдини олиш; 

в) рақамли технологиялар, шу жумладан, сунъий интеллектни жорий қилишни ҳамда улардан самарали фойдаланишни кенгайтириш; 

г) давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш ва мунтазам такомиллаштириб бориш. 

Фармон билан Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. 

Бундан буён коррупция омилларини аниқлаш ва бартараф этиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига коррупцияга қарши курашиш соҳасида превентив механизмларни жорий этишга қаратилган қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади: 

а) коррупцияни олдини олиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш ҳамда услубий ёрдам кўрсатиб бориш; 

б) давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимини жорий этиш; 

в) амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва улардаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш; 

г) давлат органлари ва ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатар даражаси юқори бўлган вазифа ва функцияларини рақамлаштириш бўйича таклифлар ва минимал талабларни ишлаб чиқиш; 

д) "E-qaror" тизимида қабул қилинадиган ҳужжатларни эълон қилишда очиқликка оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш ва очиқликни таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни қўллаш; 

ж) халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича қарорлар қабул қилишда коррупциявий омиллар, шу жумладан, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ҳамда олдини олиш. 

Давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг фаолияти Агентлик билан узвий ҳамкорликда ташкил этилади. 

2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида 2030 йилгача босқичма-босқич коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади. 

Агентлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг доимий ҳамкорлигига асосланган Коррупциянинг олдини олишнинг яхлит тизими жорий этилади. 

ЎзА