Ўзбекистон Республикаси Президенти “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини рақамли трансформация қилиш, соҳага сунъий интеллект ва робототехника имкониятларини татбиқ этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик йўналишларини ўзаро интеграция қилиш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг яхлит инновацион занжирини яратиш, соҳани яхлит рақамли трансформация қилиш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш доирасида истиқболдаги асосий вазифалар белгиланди. Улар:
а) 2027 йил 1 декабрга қадар соҳага масъул вазирлик ва идораларнинг табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш каби ахборот тизимларини умумий техник ёндашув асосида ягона платформага бирлаштириш, 2030 йилга қадар зарур ахборот инфратузилмаси ва ресурсларини тўлиқ шакллантириш;
б) 2028 йил 1 декабрга қадар фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни жорий этиш орқали рақамлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш;
в) мониторинг, прогнозлаш ва профилактика фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш мақсадида соҳада кибер таҳдидлардан ҳимояланган ахборот инфратузилмасини яратиш;
г) 2030 йилга қадар соҳага зарур бўлган импорт қилинаётган авария-қутқарув ва ёнғин-техник маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш;
д) соҳага оид инновацион маҳсулотларни яратиш, синов-тадқиқот ишларини, мувофиқликни баҳолаш тизимини ва ёнғин-техник экспертизасини янада ривожлантиришдан иборат.
2026 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил якунига қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган "Digital team" идоралараро рақамли жамоа фаолияти вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда йўлга қўйилади.
Идоралараро рақамли жамоанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
фавқулдда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасига рақамли технологиялар, замонавий рақамли ечимлар, дастурий маҳсулотлар, электрон хизматлар ва инновацияларни жорий этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
соҳани рақамлаштириш борасида ташаббуслар, таклифлар ишлаб чиқиш, лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни татбиқ этиш ва бошқариш бўйича зарур тадбирларни амалга ошириш;
Идоралараро рақамли жамоа иштирокчиларининг ахборот тизимлари (маълумотлар базаси)ни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ахборот инфратузилмасига интеграция қилиш чораларини кўриш;
Идоралараро рақамли жамоа иштирокчилари ўртасида рақамли воситалар ёрдамида ҳимояланган ва барқарор ахборот алмашинувини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, рақамлаштириш бўйича самарали стратегияларни ишлаб чиқиш; ҳимояланган аппарат-дастурий комплексларни жорий этиш, ахборот ва киберхавфсизлик таҳдидларидан ҳимоя қилиш чораларини кўриш.
2026 йил 1 декабрга қадар Идоралараро рақамли жамоа томонидан ягона технологик талаблар асосида фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳаси яхлит рақамлаштирилади.
2027 йил 1 декабрга қадар вазирлик ва идораларнинг тегишли ахборот ресурслари ва тизимлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ахборот-таҳлилий платформаларига интеграция қилинади.
Идоралараро рақамли жамоанинг фаолиятига хорижий мутахассис ва экспертлар жалб этилади.
2025 йил 1 декабрга қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлигида соҳавий тузилмаларнинг малакали ходимлари ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотлари мутахассис-экспертларидан иборат кросс-функционал гуруҳ ташкил этилади. Кросс-функционал гуруҳ 2027 йил якунига қадар:
а) соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ташкилий-техник, иқтисодий, ҳуқуқий ва методологик асослари яратилиши, маҳаллий ва илғор хорижий тажрибаларнинг таҳлилий хулосалари шакллантирилиши;
б) фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини яхлит рақамлаштириш орқали бизнес жараёнларини мақбуллаштириш учун самарали, янги ва инновацион ечимлар ишлаб чиқилиши;
в) рақамли трансформация лойиҳаларининг сегментлари, компонентлари ва алгоритмлари ишлаб чиқилиши, соҳага татбиқ этилиши ва такомиллаштирилишига масъул бўлади.
ЎзА